22:47 / 12.09.2022
1 948

Украина урушда бурилиш ясади, Россия қўшини эса катта йўқотишларга учраб, чекинди

Украина урушда бурилиш ясади, Россия қўшини эса катта йўқотишларга учраб, чекинди
Aziz Karimov/Keystone Press Agency/Global Look Press
Украина қўшинлари урушнинг боришини бутунлай ўз фойдасига ўзгартирди ва аввалига Херсон йўналишида чалғитувчи манёврлар амалга ошириб, кейин бир ҳафтадан камроқ вақт ичида Харкив областининг катта қисмини қайтариб олди. Америкадаги Урушларни тадқиқ этиш институти (ISW) ҳисоботида айтилишича, тезкор қарши ҳужумга дош бера олмаган Россия армияси ва иттифоқчи кучлар катта йўқотишларга учраган. Бу муваффақиятга жумладан Ғарбдан етказиб берилган қурол-яроғлардан максимал даражада фойдаланиш эвазига эришилган.

Украина қуролли кучлари Бош штабига кўра, украин қўшини душманнинг фронторти қисмига 70 километрга ичкарилаган ва беш кун ичида уч минг квадрат километрдан ортиқ ҳудудни озод этган. Бу эса Россия қўшини апрел ойидан буён эгаллаган ҳудудлардан кўпроқдир. Харкив области ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубовнинг маълум қилишича, Балаклия, Волчанск, Купянск, Изюм ва яна 40 га яқин аҳоли пунктлари Украина назорати остига қайтарилди.

Сўнгги кунларда қайтариб олинган ҳудудлар сиёҳранг билан белгиланган
Россияликлар қуршовга тушмаслик учун шошилинч чекинмоқда ва кўплаб танклар ҳамда бошқа техникалар, шунингдек тонналаб ўқ-дориларни қолдириб кетмоқда. Ҳарбий экспертлар қайд этишича, РФ қуролли кучларида шахсий таркиб етишмовчилиги билан муаммо жиддийлашган. Харкив областида мудофаа ёриб ўтилган нуқталар Донецк ва Луҳанск областларидан сафарбар қилинган кучлар томонидан мудофаа қилиниши керак эди, аммо улар яхши тайёргарлик кўрмаган ва яхши қуролланмаганди, уларнинг жанг қилиш иштиёқи ҳам етарли даражада бўлмаган.

Харкив областининг Россия томонидан тайинланган ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раҳбари Виталий Ганчевнинг сўзларига кўра, қарши ҳужумга ўтган украин кучлари сон жиҳатдан Россия кучларидан саккиз баробар устун бўлган.

Украина қуролли кучлари Харкив ва Херсон областларида Россиянинг қуруқлик линияларига ҳужум қилиш учун HIMARS ва Ғарбнинг бошқа замонавий тизимларини қўллаган, бу эса амалиёт муваффақиятли кечишига замин тайёрлаган. ISW мутахассислари ҳисоблашича, эндиликда Россия захира кучлар йўқлиги туфайли Донбассга шимолдан янги юриш бошлаш учун имкониятга эга эмас. Харкив областида фронт чизиғи Оскол дарёси бўйлаб ўтмоқда ва бу Россия-Украина чегарасига яқин жойлашган.

Катта эҳтимол билан, куздаги жанговар ҳаракатлар характерини Киев белгилайди. Аммо ҳозирги қарши ҳужумлар урушга нуқта қўя олмайди, дея қўшимча қилади ISW экспертлари. Украина шимоли-шарқидаги кампания барибир ниҳоясига етади, бу эса Россия қўшинларига барқарор мудофаа линияси ташкил этиш, ҳатто айрим нуқталарда қарши ҳужум уюштириш имконини бериши мумкин. Украина Россия томонидан эгалланган ҳудудларини озод этиш учун янги қарши ҳужум тайёрлашига тўғри келади ва шу муносабат билан уруш 2023 йилгача чўзилиши мумкин.

Россиялик пропагандачилар ва блогерлар РФ мудофаа вазирлигини фронтдаги муваффақиятсизлик учун тобора кўпроқ танқид қилмоқда. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўз телеграм-каналида фронтдаги вазият бўйича ҳиссиётга берилди. У агар ҳарбий амалиёт стратегияси ўзгармаса, мамлакатнинг олий раҳбариятига чиқишини айтди. Қодиров Балаклия, Купянск ва Изюмни қайтаришини ваъда қилган.

«Мен Мудофаа вазирлигидагилар каби стратег эмасман, аммо хатоларга йўл қўйилди. Агар бугун-эрта махсус амалиёт ўтказиш бўйича стратегияга ўзгартиришлар киритилмаса, мен мудофаа вазирлиги раҳбариятига ва мамлакат раҳбариятига чиқишга ҳамда уларга ерда аслида нималар бўлаётганини, мавжуд вазиятни тушунтиришга мажбур бўламан. Вазият жуда қизиқарли, жуда ажойиб вазият — у ерлардан чиқиб кетишди, бир қанча шаҳар ва қишлоқларни топширишди ва эмишки бунинг ўз плюслари бор», — деган у.

РФ мудофаа вазирлиги 11 сентябр куни Донбассдаги ҳаракатларни кучайтириш учун «уч кун мобайнида Изюм-Балаклия йўналишидаги қўшинларни ДХР ҳудудига кўчириш бўйича амалиёт ўтказилгани» ҳақида маълум қилди. Вазирлик сўнгги ҳисоботларида Россия қўшинлари чекинаётганини тўғридан тўғри тилга олмаган.

Россия нашрлари Украинанинг қарши ҳужуми фонида ўз манбаларига таянган ҳолда Россия ҳукумати Украинанинг эгаллаб олинган ҳудудларида референдумлар ўтказиш масаласини «номаълум муддатга қолдиргани» ҳақида хабар берди. Нашрларнинг ёзишича, Харкив ва Запорижжя областларида ишлаган политтехнологлар Россияга қайтган.

Буюк Британия мудофаа вазирлигига кўра, Россия армиясининг Украинадаги кампания давомидаги йўқотишлари сони аллақачон ⁠25 минг кишига етган (ҳалок бўлганлар). Қурбонлар, яраланганлар, асирга тушганлар ёки дезертирлик қилганларнинг барчаси ҳисобланганда, Россия қўшинлари йўқотишлари 80 мингдан ошади. Россия томони бу маълумотни тасдиқламаган ва муносабат билдирмаган. Пентагон Москва ярим йил давомида Украинада ўз олдига қўйилган вазифаларнинг бирортасини ҳал қилмаганини айтганди.

Москва ва Киев урушдаги йўқотишлари ҳақида маълумот бермай келади. РФ мудофаа вазирлиги сўнгги бор 25 март куни қурбонлар ҳақида маълум қилган. Ўшанда 1351 нафар россиялик ҳарбий ўлими тасдиқланганди. Украина қуролли кучлари Бош штаби Россия армиясининг тикланмас йўқотишларини қарийб 50 минг кишига баҳолайди. Аммо урушувчи томонлар одатда рақибнинг йўқотишларини ошириб, ўзиникини камайтириб кўрсатади. Июл ойи охирида МҚБ директори Уильям Бёрнс россияликларнинг йўқотишлари сони 15 минг қурбон ва 45 минг ярадордан иборат экани ҳақида айтганди. Бёрнснинг баҳоларига кўра, Украина армияси йўқотишлари россияликларникидан бироз камроқ бўлган.

Россиядаги нашрлар июл ойи бошида «Вагнер» хусусий-ҳарбий компанияси Украинадаги уруш учун Россия колонияларидаги маҳбуслар ва тергов изоляторларида сақланаётганларни ёллай бошлагани ҳақида хабар берганди. Бундан ташқари, уйсизлар урушга жўнатилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган, шунингдек руҳий касалликлар шифохоналари сайтларида ҳам кўнгиллиларни ёллаш тўғрисидаги эълонлар пайдо бўлган.

Айни вақтда Херсон областининг деярли тўлиқ қисми, Запорижжя областининг жануби, Миколайив ва Харкив областларининг кичик қисми Россия қўшинлари назоратида қолмоқда. Ёзда шарқда кенг кўламли юришга ўтган Россия армияси Қримга қуруқлик орқали йўлак ташкил этган. Россия томони Донецк областининг ярмидан камроқ қисмини назорат қилмоқда ва Луҳанск областини тўлиқ эгаллаган.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг