1 549
Россияда Қодировнинг «ўзини ўзи сафарбар қилиш» ғоясини 4 нафар губернатор қўллаб-қувватлади

Фото: AP
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг Украинага қарши уруш фонида «ўзини ўзи сафарбар қилиш» ташаббуси Россиянинг тўрт губернатори томонидан қўллаб-қувватланди. 16 сентябр, жума куни Магадан области губернатори Сергей Носовдан ижобий жавоб келди. Telegram’да жойлаган постида у нафақат Қодировнинг ғоясини қўллаб-қувватлаган, балки «ҳудудлар ўртасида қандай ресурслар борлигига қараб ҳамкорликни йўлга қўйиш»ни ҳам таклиф қилган.
Аввалроқ Рамзан Қодиров ташаббусини аннексия қилинган Қрим «раҳбари» Сергей Аксёнов, Курск области губернатори Роман Старовойт ва Мари Эл раҳбари Юрий Зайцев қўллаб-қувватлаган эди. Зайцев Украинага 250 нафар кўнгилли жўнатишга ваъда берди.
Северодвинск раҳбари Игор Скубенко Қодировнинг ғоясини «тўғри» деб атади ва муниципалитет раҳбарларига зарур бўлган барча нарсалар билан таъминлаш масалаларини жойида ҳал қилиш учун жангчиларга ҳамроҳлик қилишни таклиф этди.
Бир кун аввал Рамзан Қодиров Россия минтақалари раҳбарлари Кремл ҳарбий ҳолат эълон қилишини кутмасдан, «ўзини ўзи сафарбар қилиш»ни амалга ошириши ва Украинадаги урушга жўнатиш учун кўнгиллиларни тайёрлаши кераклигини айтган эди. Чеченистон раҳбарининг фикрича, агар ҳар бир минтақа камида 1000 нафар кўнгилли тайёрласа, «махсус операция муаммоларини ҳал қилиш масаласи энг қисқа вақт ичида ёпилиши мумкин».
Сентябр ойи бошида Украина армияси қарши ҳужум натижасида Изюм ва бошқа ўнлаб аҳоли пунктларини озод қилди. Россия қўшинлари Харкив областининг шимолий ҳудудларини тарк этди. Рус армиясининг фронтдаги муваффақиятсизликлари фонида, Россияда яна умумий сафарбарлик ҳақида гапира бошланди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, Кремл буни эълон қилиш ниятида эмас.
Шу билан бирга, Америка урушни ўрганиш институти (ISW) томонидан эълон қилинган яна бир таҳлилий шарҳда айтилишича, Кремл яширин сафарбарликни кучайтирмоқда. Муаллифлар, хусусан, Россия ҳукумати бир қатор минтақалар ва айниқса Москва аҳолисини фронтга ёллашдан ҳимоя қилиш ғоясидан воз кечишга қарор қилган. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Медуза» нашри «Собянин полки»га ёлланма аскарлар йиғилаётгани ҳақида хабар берган эди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар