19:27 / 20.09.2022
1 975

Украин ҳарбийлари Луҳанск областидаги ҳудудларни озод қилишни бошлади

Украин ҳарбийлари Луҳанск областидаги ҳудудларни озод қилишни бошлади
Украина қуролли кучлари ёзда Донбассдаги жанглар вақтида бой берилган Билоҳоривка посёлкасини қайтариб олди. Бу ҳудуд Украина қуролли кучларининг янги қарши ҳужуми учун стратегик аҳамиятга эга ҳисобланади.

Украин ҳарбийлари қарши ҳужумлар давомида Луҳанск областидаги илк аҳоли манзилини озод қилди. Украина қуролли кучларининг илғор отрядлари Билоҳоривка (Белогоровка) посёлкасига бир неча кун олдин киришган, 19 сентябр куни эса Луҳанск области маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай Билоҳоривка тўлиғича украин ҳарбийлари назоратида эканини маълум қилди. Шу билан бирга Гайдай Луҳанск областини озод этиш жараёни тезлик билан амалга ошмаслигидан огоҳлантирган. «Луҳанск заминининг ҳар бир сантиметри учун қаттиқ кураш бўлади», — дея ёзган у телеграмда ва «ишониш ҳамда сабрли бўлиш»га чақирган.

Билоҳоривка Украина қуролли кучлари назоратига ўтганини Россия манбалари ҳам тасдиқлади. Украин ҳарбийлари Билоҳоривка бўйлаб ҳаракатланаётгани акс этган видео россиялик ҳарбий мухбирларнинг телеграм-каналларида тарқалди. «Медуза» геолокация орқали бу видео айнан Билоҳоривкада олинганини тасдиқлаган. Шу билан биргаликда Украина қуролли кучлари қўмондонлиги ҳам, Россия мудофаа вазирлиги ҳам ўз ҳисоботларида ушбу посёлка ҳақида эслаб ўтмаган.

Билоҳоривка Луҳанск областида Россия ҳарбийлари томонидан эгалланган сўнгги аҳоли манзилларидан бири бўлганди. РФ қуролли кучлари ушбу посёлка назорат остига олингани ҳақида фақат июл ойига келиб хабар берган. Бу Билоҳоривканинг жойлашуви билан ҳам изоҳланади. Посёлка ёзда оғир жанглар кечган Лисичанскдан 20 километр ғарбда жойлашган. Билоҳоривка икки томондан ҳам зарба остида қолган ва у ерда ўрнашиб қолиш қийин эди.

Украина ва Ғарб нашрлари Билоҳоривка озод этилгани ҳақидаги хабарларида бунгача РФ армияси Луҳанск областини 100 фоиз эгаллаб тургани, эндиликда областнинг бутун ҳудуди Россия қўшинлари назоратида эмаслигига урғу қаратмоқда. Аслида бундай эмас. Луҳанск областининг маълум бир қисми Украина қуролли кучлари қарши ҳужумга ўтишидан олдин ҳам «кулранг зона»да эди — бу ҳудудни на украинлар, на россиялик ҳарбийлар назорат қилаётганди. Аммо Билоҳоривка — Луҳанск областидаги сўнгги вақтларда украин ҳарбийлари назоратига ўтган илк аҳоли манзили бўлди.

Билоҳоривканинг қайтариб олиниши фақат рамзий аҳамиятга эга эмас. Посёлка устидан назорат ўрнатган украин қўшини ундан Лисичанскка ҳужум бошлаш ва биринчи навбатда Лисичанск нефтни қайта ишлаш заводи устидан назоратни қайтариш учун плацдарм сифатида фойдаланиши мумкин.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг