2 456
Дума оммавий ҳарбий сафарбарлик эълон қилиш учун асос тайёрлади. Бунга реакция қандай бўлмоқда?

Фото: Вадим Ахметов / URA.RU / ТАСС
20 сентябр куни Россия Давлат думаси Жиноят кодексига «сафарбарлик», «ҳарбий ҳолат» ва «ҳарбий давр» тушунчаларини киритиш тўғрисидаги тузатишларни қабул қилди. Шунингдек, Жиноят кодекси «кўнгилли равишда асирга тушиш» (10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш) ва «талончилик» (15 йилгача) моддалари билан тўлдирилади, ҳарбий қисмни ўзбошимчалик билан тарк этганлик учун жазо кучайтирилади.
«Медуза» сиёсатчилар, сиёсатшунослар ва журналистларнинг янги тузатишлар юзасидан фикрларини тўплади.
Ольга Ковитиди - Федерация кенгаши сенатори, тузатишлар ҳаммуаллифи
Бугун сафарбарлик тўғрисидаги қонун қабул қилингани тўғрисида баёнотлар жуда кўп. Йўқ. Мазкур қонунга келадиган бўлсак – мамлакатда сафарбарлик эълон қилинмади.
Иван Павлов - Адвокат, «Первий отдел» ҳуқуқни ҳимоя қилиш лойиҳаси асосчиси
Дума Жиноят кодексига тузатишларни космик тезликда кўриб чиқди ва қабул қилди. Эҳтимол, яқин вақт ичида Путиннинг таъбири билан айтганда, ҳали ҳақиқийси бошланмаган нарса бошлангани ҳақида эълон қилинади.
Минуслари – аниқ. Плюси битта — тез орада урушни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилишдан қўрқмасдан уруш деб аташ мумкин бўлади.
Виктор Соболёв - Дума депутати, мудофаа бўйича қўмита аъзоси (янги тузатишлар қабул қилиниши учун овоз берган)
Бу масалалар аллақачон пишиб етилганди. Ҳарбийларимиз ҳарбий ҳаракатларга мувофиқ қонунлар шароитида жанг олиб бориши учун улар ҳаводек муҳим.
Бу ҳозирча ҳарбий давр эмас. Бизда тинчлик даври, лекин «махсус ҳарбий операция» ўтказилмоқда. Россияга қарши гибрид уруш олиб борилмоқда: дипломатик, сиёсий, иқтисодий, спорт, маданият даражасида. Улар – коллектив Ғарб бизга қарши гибрид уруш эълон қилди. Биз мана шу урушдамиз. Ўзгарувчан муваффақият билан. Аммо ҳозир тинчлик даври.
Андрей Ермак - Украина президенти офиси раҳбари
Фақат болалар ва тинч аҳолига қарши уруш қила оладиганлардан таҳдидлар ва «референдумлар», «сафарбарлик» билан қўрқитувчи очиқча шантаж.
Мағлуб бўлиш хавотири шундай бўлади. Душман қўряпти, манипуляция қилмоқда. Украина Россия масаласини ҳал қилади. Таҳдидни фақат куч билан бартараф қилиш мумкин.
Екатерина Шульман - Сиёсатшунос
Яхши, бу сафарбарлик учун қоғозли асос: янги ҳудудлар қўшиб олинади, уларга ҳужум қилинади, энди биз агрессор эмас, агрессия қурбонларимиз, бу ҳарбий ҳолат ва сафарбарликка асос бўлади, маасалан, қисман. Душман чегарамизда, бу чегараларни ҳимоя қилиш керак. Ярим йил шунчаки жанг олиб бордик, ҳали ҳеч нарсани бошламадик, энди эса бошлаймиз ва бу гал аввалгидек бўлмайди, ҳаммаси уч кун ичида тугайди.
Ҳаммаси зўр, фақат бир муаммо бор: ҳудудларни расмийлаштириш, сафарбарлик ва интеграция вақт талаб қилади.
Лев Шлосберг - Сиёсатчи, «Яблоко» партиясининг Псковдаги бўлими раҳбари
Қабул қилинган тузатишлар Сталиннинг Жиноят кодексини сўзма-сўз қайтарганини сезмаслик мумкин эмас, жумладан, Иккинчи жаҳон уруши даврида қабул қилинган тўғри ГУЛАГга жўнатувчи тузатишларни.
Александр Баунов - Сиёсатшунос, Карнеги фонди илмий ходими
Бугун думага ҳеч қандай тайёргарликларсиз ва эълонларсиз Жиноят кодексига Россияни сафарбарликка йўллайдиган ҳамда кескин жазолар кўзда тутилган тузатишлар киритилди ва бирданига учта ўқишда қабул қилинди.
Россия таркибига кириш бўйича «шошилинч» референдумлар ўтказиш ва референдумлар ўтказиладиган муддатларни белгилаш бир нарсани англатади: биз билан Украинада урушишга қарор қилдингиз, энди Россияда жанг қилиб кўринг. Бунга қарор қила олишмайди деган умидда.
Хориж қўшинларининг Россия чегарасини кесиб ўтиши Путинга «махсус операция»ни урушга айлантириш ва сафарбарлик чораларига ўтиш, Украинанинг илгари жазм қилинмаган объектларига зарба бериш ва ҳатто ядро қуроли билан таҳдид қилиш ҳуқуқини беради.
Бу қадамни Путин Самарқанддаги ШҲТ саммитида ғарбий бўлмаган мамлакатларнинг қўллаб-қувватлаши ва маъқуллашини олгани билан боғлашмоқда. Менимча эса, аслида бунинг акси. У ғарбий бўлмаган мамлакатлардан буни тезроқ тугатиш ва бутун ғарбий бўлмаганлар номидан гапиришни тўхтатиш тўғрисида сигнал олди. Хитойнинг Россияга саволлари борлиги тўғрисидаги гап ташқарига камдан кам чиқади, лекин у ерда чиқди. Ва айнан Хитойнинг ташаббуси билан. Путин марказий осиёлик иттифоқчиларининг ҳам қўллаб-қувватлаши сусайганини кўрди.
Буларнинг бари фойда ва зарарни аниқлаб, иложи борича тезроқ тугатиш учун. Агарда тугамаса, бунинг учун айбни бошқаларга юклаш ва ўз ҳужумини мудофаа уришига айлантириш.
Александр Дугин - Файласуф ва сиёсатшунос, «рус дунёси» мафкурасининг асосий тарафдорларидан бири
Энг муҳим ва осон бўлмаган қарор қабул қилинди. Бизнинг барча қурбонларимиз бежиз эмас. Давлат ва халқ баррикаданинг бир томонида. Қарши томонда эса – ашаддий душман.
Йиртқич рақибга қарши энг бешафқат урушда ҳам қалбни йўқотмаслик муҳим. Биз Худо ва Осмон, Ер ва Қалб томонида жанг қиляпмиз. Бунинг учун рус юракларидан қон оқмоқда.
Татьяна Становая - Сиёсатшунос
Агарда Ғарб ва Украина «керагидек» жавоб бермаса, сафарбарлик бўлади. Тўлақонли урушга тайёргарлик. Бу Путиннинг Украинага нисбатан мантиғида жиддий бурилиш.
Мен Украина ҳудудларининг қўшиб олиниши ядровий урушнинг бошланиши деган фикрдан буткул йироқман. Қўшиб олиш Путинга Россия ҳудудини ҳимоя қилиш учун ядро қуролидан фойдаланиш билан таҳдид қилиш ҳуқуқини беради.
Воқеалар ривожи шундай: (1) зудлик билан қўшиб олиш; (2) жангларнинг кучайишини Кремль томонидан Россияга ҳужум қилиш деб баҳолаш; (3) сафарбарлик; (4) Украина таслим бўлишни рад этган тақдирда ядро қуролидан фойдаланиш билан таҳдид қилиш.
Игорь Стрелков (Гиркин) - «ДХР»нинг собиқ мудофаа вазири
Шубҳаланмасак ҳам бўлади — шошилинч тартибда қисман сафарбарлик учун юридик асослар яратилади. Шу билан бир вақтда, зудлик билан «ЛДХР», Херсон ва Запорижжя областларининг Россияга қўшилиши тўғрисида референдумлар ўтказиш учун асослар тайёрланади.
Тахминимча:
1. Бу ҳаракатлар Россия раҳбарияти барибир (етти ойдан сўнг! Аввалги саккиз йилни ҳисобга олмасдан) Украинадаги урушнинг «тотал» тусга эга эканлигини ва «ростакамига» жанг қилишга тайёрланиш кераклигини англаб етганлигини билдиради.
2. Энди эса, юқоридагидан келиб чиқиб — собиқ «киевлик ҳурматли ҳамкорлар» ўзларининг янги ҳужумларини амалга оширишга шошишларига тўғри келади. Энди «ҳамкорлар»да сафарбар қилинганлар бизнинг абгор бўлган, лекин бутунлигини сақлаб қолган армиямизни тўлдирмасдан туриб уни яксон қилишга уриниш учун бир ярим-икки ой вақт бор.
Дмитрий Колезев - Republic нашри бош муҳаррири
Менимча, Путин сафарбарлик ва «тотал уруш» билан таҳдид қилмоқда, аслида эса буни эълон қилишга тайёр эмас. Албатта, ҳеч нарсани истисно қилиб бўлмайди, лекин бу Кремль охирги дамгача ортга сурадиган вариант бўлиб кўринмоқда. Ҳаттоки бундан фойдаланган тақдирда ҳам бу урушда ғолиб чиқишга ёрдам бериши аниқ эмас.
Ўйлашимча, бу ҳозир учта томонга берилган сигнал: Ғарбга («Украинани музокаралар столига ўтқизинг»), Россия ичидаги ҳайбаракаллачи ватанпарварларга («Биз ҳали бошламадик, мана бошлаяпмиз, кутинг!») ва Херсон, «ДХР» ҳамда «ЛХР»даги коллаборантларга («Қочманг, Украина қуролли кучларига таслим бўлманг, сизни тез орада ҳимоя қиламиз»).
Иван Курилла - Санкт-Петербургдаги Европа университетининг сиёсий фанлар факультети профессори
Тикилган дов йириклашмоқда. Бунинг биринчи натижаси Россиядаги одамларни, иккинчиси Ғарбни қўрқитиш бўлиши керак, ана ундан кейин эса уруш авж олиши.
Довнинг катталашиши — «уруш партияси»нинг фронтдаги мағлубият ва мамлакатдаги норозиликларга жавоби. Бу охирги икки ҳафта ичида анчагина сезилди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар