09:00 / 22.09.2022
2 446

Ўзбекистон расмийлари хориждаги фуқароларни огоҳлантирди: Бу ўйин ёки кино эмас. Бу — УРУШ!

Ўзбекистон расмийлари хориждаги фуқароларни огоҳлантирди: Бу ўйин ёки кино эмас. Бу — УРУШ!
Бугун бутун дунё нигоҳи Россия ва Украинада. Путин Украинага қарши урушга қисман сафарбарлик эълон қилди. Бу бўйича Россия етакчиси фармонга ҳам имзо чекди.

Россия Федерацияси фуқароларига сафарбарлик бўйича чақирув хатлари кела бошлади. Табиийки, бу барчани бирдек ташвишга солиш билан бирга, хушёрликка ҳам ундайди.Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бу бўйича хориждаги фуқароларга мурожаат қилиб, огоҳлантириш билан чиқди.

Қайд этилишича, Жиноят кодексининг 154-моддаси биринчи қисмига кўра, ёлланиш, яъни низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёхуд назорат қилиниб турган низолашаётган давлат ҳудудида доимий яшамайдиган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 154-1-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан, ёлланиши эса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишига сабаб бўлади.

«Чет мамлакатларда бўлиб турган ҳамюртларимиздан ҳарбийлашган тузилмаларга ёлланмасликка, ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликка чақирамиз ва бундай ҳаракатлар жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида яна бир бор огоҳлантирамиз», — дейилади хабарда.

Россиядаги сафарбарлик юзасидан ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ҳам муносабат билдириб, хориждаги ўзбекистонликларни ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликка чақирди:

«Мабодо сиз Россияда ишлаётган бўлсангиз, пулга қизиқиб ёки турли ёлғон пропагандаларга ишониб Украинага урушга бориб юрманг! Пул эвазига одам ўлдириш учун ёлланиш катта гуноҳ ва оғир жиноят. Боз устига сиз иккала давлат учун ҳам бегонасиз! Урушга борсангиз, ёки итдай ўлиб кетасиз, ёки бир умрга ногирон бўлиб қоласиз, ёки мабодо соғ-омон қайтсангиз ҳам 10 йилга қамаласиз.

Эсингизни йиғинг! Бу ўйин ёки кино эмас. Бу — УРУШ!
», — дейди блогер.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг