
Фото: EPA
Хитойда собиқ адлия вазири Фу Чженҳуа ўлим жазосига ҳукм қилинди. Суд ҳукмига кўра, маҳкумга икки йил муддат берилади, агар бу муддат давомида ўзини яхши тутса, ўлим жазоси умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилади. Бунда қамоқ муддати қисқартирилмайди, афв этилмайди.
Фу пора олгани учун ўлимга ҳукм қилинди, лекин у фитначилар гуруҳига мансубликда ҳам айбланганди. Мустақил шарҳловчилар Фуни Си Жинпинг партия съезди олдидан ўтказаётган тозалов қурбони деб ҳисоблашмоқда.
Расмий айбловга кўра, ҳозирда 67 ёшни қаршилаган Фу юқори лавозимларда ишлаган охирги 17 йил давомида пора олиб келган.

Фу Чженҳуа суд залида ҳукмни эшитмоқда.
Бир кун аввал полициянинг уч нафар юқори мартабали амалдори – Шанҳай ва Чунцин шаҳарлари ҳамда Шанси провинцияси полициясининг собиқ раҳбарлари узоқ муддатларга озодликдан маҳрум қилинганди.
Уларнинг учаласи ҳам Фу Чженҳуа сингари пора олгани учун қамалди, бироқ ХХР раиси Си Жинпингга содиқ эмасликда ва жамоат хавфсизлиги вазирининг собиқ ўринбосари Сун Лицзюн бошчилигидаги «гуруҳ»га мансубликда айбланди.
«Хитой коммунистик партиясининг ҳар беш йилда ўтказиладиган ва Си Жинпингнинг тарихий учинчи муддатига старт бериладиган қурултойга бир неча ҳафта қолганида амалдорлар орасида тозалов ўтказилмоқда», - дейди BBC’нинг Хитойдаги мухбири Стивен Макдоннел.
Қурултой 16 октябр куни бошланади.
«Расмий хабарларга кўра, гуруҳнинг эҳтимолий раҳбари Сун Лицзюн июлда порахўрлигини, қимматбаҳо қоғозлар бозоридаги товламачилигини ва ноқонуний қурол сақлаганини тан олган. Ҳозирча Сунга нисбатан ҳукм чиқарилмаган.
Юқоридан – панжара ортига
Расмий айбловга кўра, Фу Чженҳуа 2005 йилдан буён 117 млн юан (16,5 млн доллар) миқдорида пора олган. Бундан ташқари, бир қатор жиноятларни содир этган укасини жазодан сақлаб қолиш учун далилларни йўқ қилган.

Фу Чженҳуа 11 йил муқаддам Пекин полицияси бошлиғи бўлган. Шундан кейин мансаб пиллапояларидан кўтарила бошлаган. Фото: REUTERS
Ҳонгконгнинг South China Morning Post газетаси ёзишича, Фу аллақачон қаҳр остига тушган. Адлия вазири лавозими юқори, лекин у 2016 йилгача эгаллаган лавозимларга нисбатан таъсири кучсиз лавозим ҳисобланади – ўша пайтда у Пекин полицияси бошлиғи, кейин эса сиёсий ва юридик масалалар бўйича партия марказий комиссияси раҳбари ўринбосари бўлганди.
Кейин эса Фу жамоат хавфсизлиги вазири ўринбосари, 2018 йилда адлия вазири лавозимига тайинланганди.
У бу лавозимда асосан қамоқхоналар ва адвокатурани назорат қилган. 2020 йил майида вазирликдан бўшатилган ва халқ сиёсий маслаҳат кенгашига тайинланган. Газетанинг ёзишича, бу ваколатларга эга бўлмаган орган бўлиб, одатда амалдорлар пенсияга чиқишидан олдин шу ерга жўнатилади.
Амалда чўққига чиққан даврида Фунинг ўзи ҳам юқори мартабали амалдорларни таъқиб қилишда иштирок этган: у 2013 йилда барча махсус хизматлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг собиқ куратори, сиёсий ва юридик масалалар бўйича марказий комиссия котиби, Хитой компартияси сиёсий бюросининг доимий қўмитаси аъзоси Чжоу Юнкан иши бўйича терговда қатнашган. Чжоу 2015 йилда коррупция ва лавозимини суиистеъмол қилишда айбланиб бир умрга озодликдан маҳрум қилинган.
«Синҳуа» агентлигининг ёзишича, Чанчун шаҳри суди Фу Чженҳуага нисбатан ҳукм чиқаришда у «барча жиноятларига иқрор бўлгани, пушаймонлиги ва етказган зарарини қоплашда ҳамкорлик қилгани»ни қайд этган ва шу боис унга ўлим жазоси ўрнига жазо ижросини икки йилга кечиктириш ва умрбод қамоқ жазосига алмаштириш истиқболи билан, лекин муддатидан аввал озодликка чиқиш ҳуқуқисиз шартли ўлим жазоси берилган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар