17:57 / 30.09.2022
1 259

Запорижжяда гуманитар карвон ўққа тутилиши оқибатида 25 киши ҳалок бўлди (фото)

Запорижжяда гуманитар карвон ўққа тутилиши оқибатида 25 киши ҳалок бўлди (фото)
Фото: Telegram / Ivan Fedorov
Запорижжя области ҳарбий маъмурияти раҳбари Олександр Старухнинг сўзларига кўра, ҳужум бу ердаги одамлар областнинг россияликлар томонидан вақтинча босиб олинган ҳудудидаги қариндошларини олиб кетиш ва уларга ёрдам кўрсатиш учун навбатда турган чоғда содир бўлган.

Тергов маълумотига кўра, «соат 7:30 атрофида босқинчи давлат қуроллли кучлари халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларини назар-писанд қилмасдан, Запорижжя бўйлаб ракета зарбаси йўллаган».

«Шаҳар четида, автомобил бозори яқинида тинч фуқароларнинг гуманитар автокарвони ўққа тутилди. Ҳозирга келиб 25 киши ҳалок бўлгани ва 74 киши яралангани маълум, жабрланганлар орасида болалар ҳам бор», дейилади бош прокуратура хабарида.

Зарба Василевка яқинидаги назорат-ўтказиш пункти яқинида берилган. Бу фуқароларнинг автомобил карвони Россия томонидан босиб олинган ҳудудга ўтиши мумкин бўлган ягона назорат-ўтказиш пунктидир.

Мелитопол мэри Иван Федоровнинг изоҳлашича, «қариндошларига ёрдам кўрсатиш, тинч аҳоли вакилларига зарур дори-дармонлар етказиш ва ортга қайтиш учун» одамлар тез-тез россиялик ҳарбийлар томонидан эгаллаб олинган ҳудудларга ўтиб туришади.

Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенко телеграмдаги саҳифасида, дастлабки маълумотларга кўра, Запорижжя бўйлаб «С-300» зенит-ракета мажмуасидан 16 та ракета учирилганини маълум қилган.

Запорижжя област прокуратураси уруш қонунлари ва урф-одатлари бузилиши ҳамда қасддан қотиллик содир этилиши фактлари бўйича жиноий иш қўзғатган.

Ўз навбатида, Запорижжя областининг Россия томонидан тайинланган маъмурияти раҳбари Владимир Рогов «террорчилик акти» украин ҳарбийлари томонидан содир этилгани ҳақида айтган.

Запорижжя областининг бир қисми уруш бошидан буён Россия томонидан ишғол қилинган. Област маркази бўлган Запорижжя шаҳри украин армияси назоратида қолган.

23-27 сентябр кунлари «ДХР», «ЛХР» «республика»лари ва Херсон области қаторида Запорижжя областининг вақтинча эгаллаб олинган ҳудудида ҳам Россияга қўшилиш бўйича «референдум»лар ўтказилди. Россия томонига кўра, Запорижжя областида гўёки 93,11 фоиз киши «қўшилиш тарафдори» эканини маълум қилган. Бу кўрсаткич Херсон областида — 87,05 фоиз, «ДХР»да — 99,23 фоиз, «ЛХР»да эса — 98,42 фоиз қилиб кўрсатилган.

30 сентябрга ўтар кечаси Владимир Путин Украинанинг Херсон ва Запорижжя областлари «давлат суверенитети ва мустақиллигини тан олиш» тўғрисидаги фармонларини имзолади. Жума куни Кремлда оккупация қилинган ҳудудлар, шунингдек «ДХР» ва «ЛХР»нинг «Россия таркибига қўшилиши» бўйича келишувлар имзоланиши кутилмоқда.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг