
Фото: Украина Ташқи ишлар вазирлиги
9 октябр, якшанба куни Украина Ташқи ишлар вазирлиги «Беларуснинг навбатдаги провокацияси юзасидан» баёнот берди. Ҳужжатда қайд этилишича, бир кун аввал Украинанинг Минскдаги элчиси Игор Кизим Беларус Ташқи ишлар вазирлигига таклиф қилинган ва унга дипломатик нота топширилган. Унда Украина гўёки Беларус ҳудудига зарба беришни режалаштираётгани ҳақидаги даъво бўлган.
Украина Ташқи ишлар вазирлиги Беларус режимининг сўнгги ёлғонларини қатъиян рад этишини маълум қилди. «Украина ҳеч қачон хорижий ҳудудларга тажовуз қилмаган. Биз халқаро ҳуқуқнинг асосий норма ва тамойилларига ҳамда БМТ низомига аниқ амал қиламиз», - дейилади ҳужжатда.
Нота тақдим этилиши Москванинг Украинани янада айблаш мақсадида Беларус ҳудудида провокация қилиш режасининг бир қисми бўлиши мумкинлигини тахмин қилиб, Украина дипломатик идораси Беларус халқини провокацияларга берилмасликка чақирди. «Беларус ҳукумати Кремль инжиқликларини бажаришни бас қилиши ва Россияни Украинага қарши тажовузни амалга оширишда қўллаб-қувватлашни дарҳол тўхтатиши керак», — дейилади баёнотда.
Литва мудофаа вазири Арвидас Анушаускаснинг фикрича, Минск Киевни Украинани ўз кучларининг бир қисмини фронтдан Беларус билан чегарадош ҳудудларга кўчиришга мажбурлаш мақсадида ҳужум тайёрлаганликда айблаган. «Тактик ядро қуроллари ўрнига Лукашенко ишга туширилди», — деб ёзди ҳарбий идора раҳбари Twitter'да.
Беларус раҳбари Александр Лукашенко 4 октябр куни ҳарбий хавфсизлик масалалари бўйича йиғилишда Украина чегарага 15 минг нафаргача ҳарбий хизматчиларни жалб қилганини, «у ердаги муҳандислик назорат-ўтказиш пунктларини жиҳозлагани ва позицияларни ўққа тутганини», доимий равишда ҳарбий провокациялар амалга ошираётганини айтди. Унга кўра, Полша, Литва ва Латвия ҳам Беларус билан чегаралар яқинида ҳарбий кучларини тўпламоқда. Бу борада ҳеч қандай далил келтирилмаган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар