21:35 / 10.10.2022
3 118

Ҳиндистон полицияси мусулмон ёшларни устунларга боғлаб калтаклади

Ҳиндистон полицияси мусулмон ёшларни устунларга боғлаб калтаклади
Ҳиндистоннинг Гужарат штатида мусулмон ёшларни "ҳиндулик маросимига тош отганлик" айби билан устунга боғлаб, полиция томонидан калтаклангани тасвирлари ижтимоий тармоқларда катта акс-садоларга сабаб бўлди.

Ижтимоий тармоқларда норозилик уйғотган видеода хавфсизлик кучларининг хавфсизлик ходимлари, жумладан, юқори мартабали амалдорлар устунга боғланган 9 нафар мусулмон эркакни омма олдида калтаклагани кўринди.

Тасвирларда мусулмонларнинг таёқ билан калтакланаётганини кузатиб ҳиндулар миллатчилик руҳидаги шиорларни айтиши диққатни тортди.

Ҳиндистонда инглиз тилида нашр этиладиган The Milli Gazette бош муҳаррири доктор Зафарул Ислом Хон мусулмон ёшларни қийноққа солаётган полиция видеоси бўйича ўз фикрларини Онадўли ахборот агентлиги мухбири билан ўртоқлашди.

Ислом Хоннинг таъкидлашича, Бҳаратия Жаната партияси ҳукуматида мамлакатда полиция зўравонлиги, радикаллик ва уйларни бузиш ҳолатлари кундалик ҳодисага айланганини, Нарендра Моди бош вазир этиб сайланган кундан буён радикал ҳинду гуруҳлари томонидан мусулмонларга қарши 700 дан ортиқ жиноят содир этилганини, аммо ҳеч ким бунга қаршилик қилмаганини айтди.

Бу ҳаракатлари учун радикал ҳинду гуруҳларига нисбатан ҳеч қандай санкция қўлланилмаганини қайд этган Хон:
"Калтаклаётганлар оддий одамлар эмас, фуқаролик кийимдаги полициячилар. Ҳужумлар полиция томонидан ҳам амалга оширилмоқда. Мусулмон ёшлар ҳиндларнинг маросимига тош отганликлари айби билан қийноқлар дучор бўлди", дейди.

Ислом Хонга кўра, мусулмонларнинг ҳозирда кундалик ҳаётларининг ҳар дақиқасида таҳдид остида:
"Оддий одамлар мусулмонларга ҳужум қилмоқда. Полиция жамоат жойларида, полиция идоралари ва қамоқхоналарда мусулмонларга ҳужум қилмоқда. Сиёсатчилар мусулмонларга қарши шиорлар айтиб, радикал гуруҳларни рағбатлантирмоқда. Бундай ҳужумлар энди оддий ҳодисага айланиб қолди. Полиция томонидан устунларга боғланган ва таёқ билан қийноққа солинган мусулмон ёшлар ҳиндуларнинг маросимида тош отганлик баҳонасида жазоландилар".

Мусулмонларни "ўлдириш"га чақирган губернатор “кўтарилиб кетди”

Ислом Хоннинг айтишича, мусулмонларга қарши ҳужум уюштирганларга деярли ҳеч қандай жазо берилмагани учун ҳам полиция зўравонлиги, ҳам ҳинду гуруҳларининг радикаллиги кун сайин ортиб боряпти.

2020 йил февраль ойида штат губернатори Анураг Тҳакур сайлов кампанияси пайтида оломон олдида мусулмонларни назарда тутиб, “Босқинларни ўлдиринг!” деб ҳайқирди. Унга нисбатан ҳеч қандай санкция қўлланилмади ва у губернаторликдан вазирликка кўтарилиб кетди. Полиция ҳам мусулмонларга қилган ҳужумлари учун жазо эмас, балки далда ва мартаба олади. Ҳукумат буни очиқ айтмаса-да, аслида бу уларнинг сиёсати. Ҳинду миллатчи ҳукуматимиз сиёсатини “Ҳиндуларни юқори табақа, мусулмонларни эса иккинчи даражали фуқаролар” деб тушуниш мумкин”, дейди The Milli Gazette бош муҳаррири.

Мусулмонлар нафақат жисмоний зўравонликка, балки мулклари ҳам жуда оддий сабабларга кўра вайрон этиляпти:
"Агар бир мусулмон бир ҳинду билан жанжаллашса, ўша ҳинду полиция ва булдозер билан бориб, мусулмоннинг уйини бузиб ташлаши мумкин. Кечагина бир мусулмоннинг уйи ана шундай сабаб билан вайрон қилинди. Мусулмонлар қурбон бўлгач, қандайдир йўл билан ишни судга етказишга муваффақ бўлишса ҳам, жиноятчилар ё жазоланмайди ёки атиги бир-икки ҳафта қамоқда қолади", дейди Ислом Хон таассуф билан.

Халқаро Амнистия ташкилоти ва Ҳиндистон парламенти аъзоси ҳам Тwitter’да полициянинг қийноқларини қоралади.

Ҳодисадан бир кун ўтиб Халқаро Амнистия ташкилоти Тwitter’да шундай ёзди:
Гужарат полициясининг мусулмон эркакларни устунга боғлаб калтаклаш учун таёқ каби асбоблардан фойдаланиши инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши ва қонун устуворлигини менсимасликдир. Сизга эслатиб ўтамиз, бу ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳаракати эмас. Бу ҳолатда полиция қонунийлик, зарурат, мутаносиблик ва жавобгарлик тамойилларига эътибор бермаган”.

Ҳиндистон парламентининг қуйи палатаси Лок Сабҳада 4 муддатдан бери Ҳайдаробод сайлов округидан вакиллик қилган мусулмон парламентарий Асадуддин Овайсий Тwitter’да шундай фикр қолдирди:
Ҳар куни оммавий радикаллашув мисоллари кўпаймоқда. Полиция қийноқлари ва мафия зўравонлиги кенг тарқалди. Мусулмонларга қарши мақсадли зўравонлик оддий ҳолга айланди”.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг