17:27 / 15.10.2022
1 721

Беларусга россиялик ҳарбийлардан иборат илк эшелонлар етиб келди (видео)

Беларусга россиялик ҳарбийлардан иборат илк эшелонлар етиб келди (видео)
Минтақавий қўшин гуруҳларининг россиялик ҳарбийлардан иборат дастлабки эшелонлари Беларусга етиб келди. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги хабар берди.

«Ҳарбий хизматчилар нон ва туз билан шодиёналар остида кутиб олинди», — дейилади хабарда.

Муассаса эслатишича, минтақавий қўшинлар гуруҳини яратиш қарори чегара яқинидаги туманларда «тўхтамаётган фаоллик» туфайли, «Иттифоқ давлати чегараси ҳимояси ва мудофаасини кучайтириш йўлидагина» қабул қилинган.

«Қўмондонлик зиммамизга юклайдиган ҳар қандай топшириқларни бажаришга тайёрмиз», — деди ҳарбий хизматчи вазирлик жойлаган видеода.

10 октябрь куни Беларусь президенти Александр Лукашенко россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан «Иттифоқ давлати ғарбий чегараларидаги кескинлик сабабли» минтақавий қўшинлар гуруҳини кучайтириш ҳақида келишиб олганини маълум қилганди.

Иттифоқ давлати
Россия ва Беларусь Иттифоқ давлати 2000 йил январидан буён мавжуд бўлиб келмоқда. Иттифоқ иштирокчилари умумий парламент ва конституция, ягона валюта яратишни муҳокама қилган, аммо бундай битимни қабул қилмаган. 2019 йилда Россия ташаббуси билан музокаралар қайта бошланди, 2021 йилда эса томонлар Россия ва Беларуснинг интеграциялашувига қаратилган 28 та иттифоқ дастурларни келишиб олди.

Беларуснинг Россия-Украина низосига муносабати
Россия Украинада 24 февралдан буён махсус операция олиб бормоқда. Лукашенко Беларусь низода қатнашмаётганини ва қатнашишни режалаштирмаётганини бир неча марта таъкидлаган. «Тағин мени қандайдир ҳужумни режалаштиряпти, Украинани Беларусь ҳудудидан бомбардимон қилмоқчи деб ўйламанг. Сизнинг ва менинг фарзандларимиз жанг қилишини ҳеч ҳам истамайман. Улар нимани деб жанг қилиши керак?» — деган эди у августда.

Сентябрда Лукашенко Беларусь ўз ҳудуди орқали Россия армиясига яширинча зарба берилишига йўл қўймаслигини маълум қилди. Кейинроқ эса у Беларусь ҳеч кимга ҳужум қилмаганини ва ҳужум қилмаслигини айтди ва Украинада қон тўкилишини тўхтатиш учун ҳамма чорани кўришга ваъда берди.

Кейинроқ Александр Лукашенко Беларусь Россия Украинага қарши олиб бораётган «махсус ҳарбий операция»да қатнашаётганини, аммо ўз ҳарбийларини зиддият ҳудудига юбормаётганини айтди. «Украинадаги махсус ҳарбий операциядаги иштирокимизга келсак, биз унда қатнашяпмиз. Буни яширмаяпмиз. Лекин биз ҳеч кимни ўлдирмаяпмиз. Ўз ҳарбийларимизни ҳеч қаерга юбормаяпмиз. Биз ўз мажбуриятларимизни бузмаяпмиз», — деди Лукашенко.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Беларусга россиялик ҳарбийлардан иборат илк эшелонлар етиб келди (видео)