
Фото: Getty Images
The New York Times газетаси ўз манбаларига таяниб илк бор россиялик генераллар орасида Украинага қарши ядро қуролидан фойдаланиш масаласида муҳокама бўлиб ўтгани ҳақида ёзди. Нашрнинг қайд этишича бу муҳокама президент Владимир Путин даражасига олиб чиқилмаган.
АҚШ маъмуриятидаги бир неча манбанинг газетага хабар беришича, юқори мартабали россиялик ҳарбийлар Москва Украинада қачон ва қандай қилиб тактик (нисбатан кичик қувватли) ядро қуроли қўллаши мумкинлиги ҳақида гаплашишган. Нашрга кўра, бу ҳақда АҚШ ҳукуматига октябр ойи ўрталарида маълум бўлган, муҳокамалар ҳам ундан сал олдинроқ бўлиб ўтган.
Владимир Путин бу муҳокамаларда иштирок этмаган.
Нашрнинг қайд этишича, бундай муҳокама ўтказилгани фактининг ўзи россиялик генералларнинг қуруқликдаги амалиёт натижаларидан нақадар ҳафсаласи пир бўлганини кўрсатади ва Владимир Путиннинг ядро қуроли қўллаш тўғрисидаги таҳдидлари қуруқ сўз бўлмаслиги мумкин.
Шу билан бирга америкалик юқори мартабали мулозимлар NYT билан суҳбатда Россияда ядро қуроллари ўз жойидан олиб чиқилгани ёки зарба бериш учун бошқа қадамлар ташланаётганига далиллар кўринмаётганини таъкидлашган.
Пентагон баҳоларига кўра, Россия арсеналида 2000 тагача тактик ядро қуроллари мавжуд. Бундай қуроллар ҳеч қачон жанг майдонида қўлланмаган.
Ядро зарбаси ҳақидаги хавотирлар
Россиянинг Украинага босқини бошида барча Россия томонидан тактик ёки кичик ядровий қуроллар қўлланиши мумкинлиги ҳақида гапирганди. Давлат думаси депутатлари ва Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров шундай қадам ташлашга чақирган, Украина президенти Володимир Зеленский ва Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бёрнс ҳам бундай хавфнинг жиддий эҳтимоли борлигини айтишганди.
Россия аввалига Харкив областида, кейин Херсон шимолида жиддий муваффақиятсизликларга учрагач, ядро қуроли қўлланиши мумкинлиги ҳақидаги гаплар кўпайди.
Владимир Путин ядро қуролидан фойдаланиши мумкинлиги тўғрисида бир неча бор ядровий таҳдидлар қилди. «Агар ҳудудий яхлитлиги таҳдид остида қолса, Россия барча имкониятларни ишга солади, бу шунчаки блеф эмас», деганди Путин 21 сентябр кунги телемурожаатида - ўшанда Россияда сафарбарлик эълон қилинганди.
Ҳудудий яхлитликка таҳдид сифатида Украинанинг Россия томонидан аннексия қилинган Херсон области (ва яна уч ҳудуд)да қарши ҳужумга ўтишини ҳам назарда тутиш мумкин.
Октябр ойи охирида Россия ўз стратегик ядро кучларига йирик ядро зарбаси берилишини синаб кўриш мақсадида, ҳарбий-ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар ядро қуролидан фойдаланиш хавфи ортиши ва Москванинг Украинани «ифлос бомба» яратишда айблаши фонида ўтказилди.
Октябр ойида Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу АҚШ, Буюк Британия ва Франция мудофаа вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, гўёки Украина «ифлос бомба» (биологик қурол) қўллашга тайёргарлик кўраётгани ҳақида огоҳлантирди. Ғарб мамлакатлари эса Киев каби бу айбловлар ёлғон эканини билдирди.
Аммо ўтган ҳафтада Владимир Путин Россия Украинага қарши ядровий қурол қўллашидан маъно йўқлигини айтди.
«Бугунги кунда ядровий таҳдидлар бўйича шов-шув кўтарилишидан мақсад оддий: Ғарбнинг ҳозиргача барчага босим ўтказишга бўлган уринишлари ҳеч нарсага олиб келмади ва улар янги аргументлар излашмоқда. Россия ҳеч қачон тўғридан тўғри ядро қуроли қўллаш имконияти ҳақида гапирмаган, фақат мухолифларнинг ҳужумларига ишоралар билан жавоб берилган», деганди Путин.
АҚШ маъмурияти вакили NYT билан суҳбатда улар ҳали ҳам Владимир Путин тактик ядро қуролидан фойдаланишни режалаштирган деб ўйламаётганини айтди.
Чоршанба куни Россия ТИВ «ядро урушининг олдини олиш лозимлиги» тўғрисида баёнот берди, унда Россия ядро доктринаси фақат мудофаавий характерга экани айтилиб, буни ўзгача талқин қилишга йўл қўйилмаслигига ваъда берилган. Россия ядро қуролини фақат оммавий қирғин қуролларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилган тажовузга жавобан қўллаши мумкинлиги айтилган.
Шуни АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жим Кирби сўнгги бир ой ичида АҚШ маъмуриятида Россиянинг Украинага қарши урушда ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимолидан хавотир ортиб бораёганини айтди. «Биз воқеалар ривожини диққат билан кузатиб боряпмиз», — дея қўшимча қилди у.
1 ноябр куни Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ўзининг Telegram-каналида Киев уруш пайтида Россия томонидан босиб олинган ҳудудларни Украина назорати остига қайтаришга ҳаракат қилса, Россия ядро қуролидан фойдаланиши мумкинлигини ёзган эди. Унинг таъкидлашича, босиб олинган ҳудудларни «Россия Федерациясидан тортиб олишга» уриниш Россиянинг мавжудлиги ва унинг қулашига таҳдид солади, шунинг учун бу Россия сиёсатининг тегишли бандини қўллаш учун бевосита сабаб бўлади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар