16:38 / 12.11.2022
840

Евроиттифоқ ва Британия G20 саммитида Россия делегациясининг чиқишларига бойкот эълон қилади

Евроиттифоқ ва Британия G20 саммитида Россия делегациясининг чиқишларига бойкот эълон қилади
Фото: EPA
Евроиттифоқ ва Буюк Британия 15—16 ноябрь кунлари Индонезияда бўлиб ўтадиган G20 саммитида Россия делегациясининг чиқишларига бойкот эълон қилмоқчи ва Россиянинг яккалаб қўйилишига эришмоқчи. Бу ҳақда The Daily Telegraph хабар берди.

Газета қайд этишича, мамлакатлар, шунингдек, Россияни Украинадаги урушни тўхтатишга чақириб, тинч йўл билан тартибга солиш бўйича музокаралар Киев учун мақбул шартлар билан ўтиши кераклигини билдиради.

Аввалроқ форумда Россия делегациясига ташқи ишлар вазири Сергей Лавров раҳбарлик қилиши маълум бўлган эди. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, Россия президенти Владимир Путин саммитда шахсан ҳам, видеоалоқа орқали ҳам қатнашмоқчи эмас. Bloomberg ёзишича, Путин бошқа мамлакатлар етакчилари билан потенциал зиддиятдан қочиш учун шундай қарор қабул қилган.

Ноябрь бошида Украина президенти Владимир Зеленский саммитда Владимир Путин қатнашадиган бўлса, у бормаслигини айтганди. Бир неча кундан кейин президентнинг матбуот котиби Сергей Никифоров Зеленский саммитда, катта эҳтимол билан, онлайн тарзда қатнашишини маълум қилди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг