14:41 / 14.11.2022
1 797

Истанбулдаги терактда гумонланган аёл қўлга олинди

Истанбулдаги терактда гумонланган аёл қўлга олинди
Фото: AFP
Туркия полицияси Истанбул шаҳри марказидаги Истиқлол кўчасида портлаш содир этишда гумонланган шахсни қўлга олди. Бу ҳақда Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу маълум қилди.

Вазирнинг айтишича, Суриядаги террорчилик гуруҳи портлашга алоқадорликда гумонланмоқда - ОАВ гап Курдистон ишчи партияси ҳақида кетаётганини тахмин қилган.

«Терговда террорчилик ҳужуми излари Сурияга олиб бораётгани ва бунда Анқара томонидан террорчи сифатида тан олинган гуруҳлар иштирок этгани бўйича далиллар бор. Бизнинг маълумотларга кўра, теракт амалга ошириш буйруғи Кобанидан бўлган, ҳужум ижрочиси эса Суриянинг Африн шаҳридан келган», — дея Сойлунинг сўзларини келтирган TRT Haber телеканали.

Вазир жами 21 киши, жумладан бомба ўрнатган шахс қўлга олинганини маълум қилган. «Яқин вақтлар ичида бизга бу оғриқни келтирганларга биз ортиғи билан қайтарамиз», — дея қўшимча қилган Сойлу.

Мамлакат вице-президенти Фуат Ўқтой Туркия ҳукумати 13 ноябр куни пойтахтда рўй берган портлашни теракт сифатида баҳолаётганини маълум қилган.

Терактдан кейин Туркия ҳукумати ОАВга портлаш ҳақида янгиликлар, воқеа жойидан кадрлар, портлаш сабаблари ва гумонланувчилар бўйича версияларни норасмий манбаларга асосланган ҳолда тарқатишни тақиқлаган.

«Қабиҳона ҳужум»

Эрдўған Балидаги G20 саммитига учиб кетиш олдидан Истанбулдаги Отатурк аэропортида матбуот анжумани уюштирди
ANADOLU AGENCY

Якшанба куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Истанбул марказидаги Тақсим майдони ҳудудида олти киши ўлимига ва ўнлаб кишилар жароҳат олишига сабаб бўлган портлашни қоралаганди.

«Давлатимизнинг тегишли бўлинмалари ушбу қабиҳона ҳужум учун айбдорларни қидириш устида ишламоқда», деди Эрдўған Туркия телеканаллари томонидан жонли трансляция қилинган матбуот анжуманида.

Портлаш сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли орасида машҳур бўлган Истиқлол кўчасида содир этилди. Туркия вице-президенти Фуат Ўқтой ҳужум ижрочиси аёл киши эканини айтганди.

TRT WORLD/ANADOLU AGENCY
«Ҳужумни амалга оширган шахс аёл киши бўлган, у бомбани портлатган. Бу террорчилик акти содир этилганини кўрсатади. Портлаш оқибатида олти киши ҳалок бўлди. Яраланганлар сони 81 нафарга етди», деган у.

«Зафер» партияси раиси ўринбосари Адем Тошқоя гумонланувчи шахси ҳақида ҳам маълумот берган — у Жиян Тосун, аммо кейинроқ ўз постини ўчириб юборган.

Сўнгги маълумотларга кўра, 81 кишидан 50 кишига жавоб берилган, беш киши жонлантириш бўлимида, уларнинг икки нафари оғир аҳволда қолмоқда.

Ўқтойнинг сўзларига кўра, тўрт киши воқеа жойида ҳалок бўлган, шифохонада яна икки кишининг жони узилган. Туркия Бош прокуратурасининг 14 нафар терговчиси, шунингдек суд тиббиёт экспертлари тергов ҳаракатларига жалб этилган.

«Бунинг ортида ким турган бўлмасин, мамлакат ичкарисида ёки дунёнинг исталган бурчагида бўлса ҳам биз уларга етиб борамиз. Бу одамлар Туркияга олиб келинади, судга тортилади ва жазоланади», деган Ўқтой.

Теракт учун жавобгарлар ҳақида Эрдўған ҳам матбуот анжумани давомида тўхталган. У ҳам кескин оҳангда айбдорлар жазоланишига ваъда берган.

«Рўй берган ҳодиса айбдорлари ўзларига муносиб жазони олишади. Терроризм орқали Туркияни ва турк миллатини эгаллашга бўлган уринишлар бугун ҳам, эртага ҳам ўз мақсадига эриша олмайди», деган у.

Истанбул губернатори Али Ерлиқоя портлаш маҳаллий вақт билан соат 16:20 да содир этилганини маълум қилганди.

Воқеа жойига зудлик билан полиция отрядлари, тез ёрдам машиналари, ўт ўчирувчилар ва бошқа фавқулодда хизматлар етиб келган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоёзувларда одамлар кўплаб ресторан ва дўконлар жойлашган Истиқлол кўчаси бўйлаб чопиб кетаётгани акс этган.

Тақсим майдони ва Истиқлол кўчаси Истанбулнинг сайёҳлар орасида машҳур ва доимий равишда одамлар билан гавжум бўладиган ҳудудлари саналади.

Воқеа жойида олинган видеороликларда портлаш оқибатида яраланиб ёки гангиб қолган ҳолда ерда ўтирган одамлар ҳам кўринади.

Роликлардан, шунингдек мухбирларнинг хабарларидан билиш мумкинки, портлаш овози узоқлардан ҳам эшитилган, портлаш жойида эса аланга кўтарилган.

Тасвирларда шунингдек портлаш рўй берган жойда кенг ўра пайдо бўлгани, атрофида бир неча киши жасади ётгани кўринади.

Портлаш ҳудудидаги барча одамлар эвакуация қилинган, воқеа жой ўраб олинган.

Фото: Kemal Aslan / Reuters
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси Истанбулдаги портлаш оқибатида жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари мавжудлиги ҳақида маълумот йўқлигини маълум қилди.

Кейинроқ портлаш оқибатида Ўзбекистон фуқароси бўлган блогер, жамоатчилик фаоли Ислам Капарзо ҳам жабрлангани маълум бўлди. Бу ҳақда унинг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзиб қолдирган. «Озгина жароҳатландим, лекин ҳалокатли эмас, ҳаётман», — деган у.

Истиқлол кўчасида аввал ҳам 2015-2016 йилларда қатор терактлар амалга оширилган, бу ҳужумларнинг барчаси учун жавобгарликни ИШИД гуруҳи зиммасига олган.

Истанбулдаги сўнгги йирик теракт 2017 йил 1 январига ўтар кечаси содир этилган, ўшанда Калашников автомати билан қуролланган шахс Босфор соҳилидаги тунги клубга бостириб кирган ва у ердаги кишиларни ўққа тутганди. Ҳужум оқибатида 39 киши ҳалок бўлиб, 69 киши яраланганди.

Истанбул, Теракт, Аёл, Қўлга олинди

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Истанбулдаги терактда гумонланган аёл қўлга олинди