Фото: Sky News
Буюк Британия бош вазири Риши Сунак Киевда президент Володимир Зеленский билан учрашувда Украинага мудофаа учун 50 млн фунт стерлинг ажратилишини маълум қилди. Бу Сунакнинг Украина пойтахтига бош вазир сифатидаги илк ташрифи бўлди. Ёрдам пакети россияликларнинг ҳаво ҳужумларига қарши туриш учун кўзда тутилган.
Ҳарбий ёрдам Украина шаҳарларига ҳужум қилаётган Эрон дронларига қарши курашиш учун 125 та зенит қурилмалари ва технологияларини, жумладан ўнлаб радарлар ва дронларга қарши туриш учун радиоэлектрон кураш воситаларини ўз ичига олади.
«Украина қуролли кучлари Россия қўшинини жанг майдонида чекинтираётган маҳалда тинч аҳоли вакиллари ҳаводан шафқатсизларча қилинаётган ҳужумларга дучор бўлмоқда. Бугун биз янги ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари, жумладан зенит қуроллар, радарлар ва дронларга қарши туриш учун қурилмалар тақдим этамиз, шунингдек совуқ ва қаҳратон қиш олдидан гуманитар ёрдам ҳажмини оширамиз», деган британлар бош вазири.
Риши Сунак Буюк Британия украин ҳарбийларини ўқитиш дастури кенгайтирилишини ҳам эълон қилди
UKRAINIAN PRESIDENT'S OFFICE
Риши Сунак Буюк Британия ушбу мамлакатга ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатишни учун тажрибали армия шифокорлари ва муҳандисларни юбориш орқали украин ҳарбийларини ўқитиш дастурини кенгайтиришини маълум қилди.
Аввалроқ ноябр ойи бошида Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес Украинага мингдан ортиқ янги зенит ракеталари юборилишини маълум қилганди.
Бош вазир ўз ташрифи чоғида украинлар томонидан қўлга киритилган, сўнгги ойларда россияликлар жанг майдонида қўллаб келган Эрон дронларини кўздан кечирди.
Риши Сунак ўз ватанини ҳимоя қилиш учун жангларда ҳалок бўлган украинларни хотирлади. Фото: REUTERS
Сунак шунингдек урушда ҳалок бўлганлар хотирасига гул қўйди ва 1930-йиллардаги Голодомор қурбонлари ёдгорлиги пойига шам ёқди, сўнгра ўт ўчирувчилар қисмида қутқарувчилар билан учрашди.
«Мен Бирлашган Қиролликнинг аввалбошдан Украинани қўллаб-қувватлаганидан фахрланаман. Мен бугун Буюк Британия ва иттифоқчиларимиз Украинани қўллашда давом этишини айтиш учун шу ердаман. Чунки Украина бу ваҳшиёна урушни тўхтатиш ва адолатли дунё учун курашмоқда», — деди британиялик бош вазир.
Украина расмий шахсларига кўра, Риши Сунакнинг Киевга ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари билан ёрдам кўрсатиш ваъдаси - президент Зеленский ундан эшитишни истаган гап эди, чунки россияликларнинг авиазарбалари мамлакат энергетика инфратузилмасининг қарийб 50 фоизини яксон этган.
«Урушнинг илк кунидан буён Буюк Британия ва Украина яқин иттифоқчилик муносабатларини сақлаб келмоқда. Бугун Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак билан учрашувда мамлакатларимиз учун ҳам, глобал хавфсизлик учун ҳам энг муҳим масалаларни, Украина ва Европанинг энергия хавфсизлигини ҳимоя қилиш вариантларини муҳокама қилдик. Биз Украина осмонини ҳимоя қилиш ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорлигимиз ҳақида ҳам гаплашдик. Шунингдек, биз дипломатик вазият ва тинчлик йўлида биргаликдаги халқаро саъй-ҳаракатларни батафсил кўриб чиқдик. Биз биргаликда кучлироқмиз ва керакли натижаларга эриша оламиз», — деб ёзди Зеленский фейсбукдаги саҳифасида.
Зеленский Сунакни Киевдаги майдонга ўрнатилган россияликлар зирҳли техникаларини томоша қилишга таклиф этди. Фото: EPA
PA MEDIA
Буюк Британия Украинага ҳарбий ёрдам етказиб бериш бўйича Қўшма Штатлардан кейин иккинчи давлатдир.
Риши Сунакнинг твиттердаги саҳифасида украин президенти билан учрашув видеоси жойлаштирилди, унда инглиз ва украин тилларида қуйидаги сўзлар ёзилган: «Буюк Британия озодлик учун курашиш нимани англатишини билади. Биз охиригача сиз биланмиз!»
Britain knows what it means to fight for freedom.
— Rishi Sunak (@RishiSunak) November 19, 2022
We are with you all the way @ZelenskyyUa 🇺🇦🇬🇧
Британія знає, що означає боротися за свободу.
Ми з вами до кінця @ZelenskyyUa 🇺🇦🇬🇧 pic.twitter.com/HsL8s4Ibqa
Риши Сунак 25 октябр куни Буюк Британия бош вазири бўлди. Бу лавозимга ўз номзодини илгари сурар экан, у бор эътиборини Буюк Британиянинг ички муаммоларини ҳал қилишга қаратишини айтганди. Шу билан бирга, у мунтазам равишда Украинани қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Жамоатлар палатаси маълумотларига кўра, айни вақтгача Буюк Британия Украинага 2,3 млрд фунт стерлинг атрофидаги ҳарбий ёрдам етказиб берган ва бу миқдорни 2023 йилгача оширишни ваъда қилган.
Буюк Британия иттифоқчилар кўмагида украин ҳарбийларини тайёрлаш дастурини ҳам амалга оширмоқда. 120 кун ичида Украинанинг 10 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчисини тайёрлаш кўзда тутилган.
Риши Сунак, Украина, Зелинский, Буюк Британия, Ҳарбий ёрдам “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Ким Чен Ин Ғарбни Украинадан Россияга қарши фойдаланганликда айблади