18:00 / 22.11.2022
1 311

Запорижжя расмийлари: Россия гуманитар ёрдам тарқатиладиган пунктга ҳужум қилди

Запорижжя расмийлари: Россия гуманитар ёрдам тарқатиладиган пунктга ҳужум қилди
Фото: AP
Россияликлар Запорижжя вилоятининг Орехов шаҳрида гуманитар ёрдам етказиб бериш нуқтасини ўққа тутди. Бу ҳақда Запорижжя ҳарбий маъмурияти раиси Александр Старух Telegram’да маълум қилди.

«Мактаб биносидаги гуманитар ёрдам бериш нуқтасига тўғридан тўғри зарба бериш натижасида бир ижтимоий ходим ҳалок бўлди, яна икки аёл яраланди», деб ёзади у.

Навбатлар юзага келмагани ва яқин атрофда жиҳозланган бошпаналарда ёрдам бериш ишлари тўғри йўлга қўйилгани туфайли бундан ҳам кўпроқ қурбонлар бўлишининг олди олинди, дея қўшимча қилди у.

Бундан олдин Запорижжя атом электр станцияси (ЗАЭС) ҳудудида 19 ноябрь куни кечқурун ва 20 ноябрь куни эрталаб портлашлар эшитилганди, натижада ЗАЭС ҳудудида баъзи бинолар, тизимлар ва ускуналар шикастланган. Бу ҳақда Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) маълум қилди.

Кузатувчилари станцияда бўлган АЭХАга кўра, етказилган зарар ядро хавфсизлиги учун жиддий эмас. «Кеча ва бугун эрталаб бизнинг жамоамиздан келган хабар жуда хавотирли. Йирик атом электр станцияси жойлашган ҳудудда портлашлар содир бўлди, бу мутлақо қабул қилиниши мумкин эмас. Бунинг ортида ким турган бўлса, дарҳол тўхташи керак. Кўп марта айтганимдек, сизлар олов билан ўйнаяпсизлар», — деди АЭХА бош директори Рафаэл Гросси.

Агентликнинг Запорижжя АЭСдаги мутахассислари штабга хабар беришича, 20 ноябрь куни эрталаб қисқа вақт ичида ўндан ортиқ портлаш овозлари эшитилган, уларнинг баъзиларини деразалардан кўришган. Афтидан, станцияни ўққа тутиш қайта бошланган, деди АЭХА.

Россия Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, портлашлар Днипропетровск вилояти Марганец аҳоли пункти ҳудудидан Украина Қуролли кучлари станциянинг ўққа тутиши натижасида содир бўлган. «19 ноябрь куни Украина Қуролли кучлари артиллерияси АЭС ҳудудини 11 та йирик калибрли артиллерия снарядидан ўққа тутди. 20 ноябрь куни эрталаб Украина қўшинлари АЭС ҳудудини икки марта ўққа тутди», — дейилади хабарда.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг