
Қосим-Жўмарт Тўқаев Остонада бўлиб ўтган инаугурация маросимида қасамёд қабул қилиб, президент лавозимига киришгани ҳақида хабар берилган эди. Қозоғистондаги маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Остонада фуқаролар қайта сайланган президентнинг инаугурациясига қарши намойишга чиқди.
Ижтимоий тармоқларда полициянинг митинг ўтказиладиган жойга етиб боргани ва намойишчиларни ҳибсга олишни бошлагани акс этган кадрлар тарқалмоқда. Қайд этилишича, митинг иштирокчилари «Керуэн City» савдо маркази яқинида тўпланган.
Шаҳарда интернет билан боғлиқ муаммолар ҳам юз берган. Миллий хавфсизлик қўмитаси Давлат техника хизмати эса Остона шаҳри ва Оқмўла вилоятидаги интернет шлюзлари электр таъминоти ускунасида авария содир бўлгани сабабли телекоммуникация қурилмаларида носозликлар қайд этилганини билдирган.
— Шухрат Раззаков (@ShuhratRazzakov) November 26, 2022
Қўшимча қилинишича, ҳозирда тизимдаги носозлик бартараф этилган ва алоқа одатдаги тартибда ишламоқда.
Маълумот учун, 20 ноябрь куни Қозоғистон президентлигига навбатдан ташқари сайловларда ғолиб бўлган Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакат халқига қасамёд қабул қилди ва давлат раҳбари лавозимига расман киришди.
— Шухрат Раззаков (@ShuhratRazzakov) November 26, 2022
26 ноябрь куни эрталаб бўлиб ўтган инаугурация маросимида Тўқаев Қозоғистонда президент сайловлари адолатли ва очиқчасига бўлиб ўтганини айтди. Етти йил муддатли бир марталик президентликка ўтиш эса сиёсатчиларнинг янги авлодига йўл очиб беради, деди у.
Тўқаев қайта сайланганидан кейинги биринчи сафарини Россияга уюштириши кутилмоқда. 28 ноябрь, душанба куни у Москвага бориб, Путин билан музокаралар ўтказади ва ҳужжатлар имзолайди, дейилади «РИА Новости» хабарида.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар