15:21 / 07.12.2022
2 022

Украинанинг тинч аҳолиси учун ўта оғир вазият юзага келди – БМТ

Украинанинг тинч аҳолиси учун ўта оғир вазият юзага келди – БМТ
Украина энергетика инфратузилмасининг ўққа тутилиши натижасида миллионлаб одамлар иссиқлик, электр қуввати ва сувдан маҳрум бўлди.

Фуқаролик инфратузилмаси объектларининг ўққа тутилиши, натижада қишда аҳолининг иссиқлик, сув ва ёруғликдан маҳрум бўлиши халқаро инсонпарварлик қонунчилиги қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Бу ҳақда БМТ Хавфсизлик кенгашининг Украина бўйича йиғилишида БМТ фавқулодда ёрдам координатори, бош котибнинг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Мартин Гриффиц маълум қилди, дея хабар беради БМТ матбуот хизмати.

"Украинанинг энергетика инфратузилмаси, жумладан, электр станциялари ва иссиқлик корхоналарининг нишонга олиниши натижасида миллионлаб одамлар иссиқлик, электр ва ичимлик сувидан маҳрум бўлди, бу эса ушбу уруш натижасида юзага келган гуманитар инқирозни баттар кучайтирди", деди Мартин Гриффиц.

У Хавфсизлик Кенгаши аъзоларига Украинада одамларнинг оммавий ўлими, уларнинг кўчирилиши ва изтироблари, шунингдек, мамлакатдаги вайронагарчиликлар ҳақида гапириб берди. Бош котиб ўринбосари гуманитар ёрдам лойиҳаларининг амалга оширилиши ва украиналикларга ёрдам кўрсатишда БМТ ходимлари дуч келаётган муаммолар ҳақида ҳам маълумот берди.

“Фуқаролик инфратузилмасининг ўққа тутилиши натижасида одамлар тиббий ёрдамдан, болалар эса таълимдан маҳрум бўлмоқда. Бугун Украинада омон қолиш имконияти таҳдид остида”, — деди Бош котиб ўринбосари.

Ҳаво ҳарорати аллақачон нолдан паст ва – 20 даражагача тушиши кутилмоқда. Қариялар, ногиронлар ва миллионлаб кўчирилган одамлар айниқса хавф остида. БМТ вакили халқаро гуманитар ҳуқуқда тинч аҳолининг омон қолиши учун зарур объектлар муҳофаза қилиниши кераклиги аниқ белгилаб қўйилганини эслатди.

Тинч аҳолига гуманитар ёрдам етказилиши ҳақида гапирар экан, БМТ вакили бу йўналишда бироз яхшиланиш борлигини, бироқ БМТ аъзолари Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятларидаги баъзи ҳудудларга ёрдам етказишда ҳалигача тўсиқларга дуч келишаётганини таъкидлади.

"Гуманитар ташкилотларга ёрдамга муҳтожларга қаерда бўлишидан қатъи назар, ёрдам бериш учун ходимлар ва идоралараро вакилларни юборишга рухсат берилиши зарур", деди Мартин Гриффиц.

Миналар инсонпарварлик ёрдамига жиддий тўсиқ бўлмоқда

Украина ҳукумати томонидан қайта тикланган ҳудудларда миналар ва портламай қолган ҳарбий қурилмалар аҳоли ва гуманитар соҳа вакилларини жиддий ташвишга солмоқда ва асосий хизматлар, жумладан, электр энергиясини тиклашни кечиктирмоқда, деди Гриффиц.

БМТ вакили барча давлатларни Украина ҳудудларини миналардан тозалаш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Бош котиб ўринбосари ўтган ҳафта донорларга инсонпарварлик, жумладан, Украинага ёрдам сўраб мурожаат қилганини эслади. Шу билан бирга, Гриффиц инсонпарварлик эҳтиёжлари ортиб бораётганини ва бу тенденцияни қайтаришнинг ягона йўли - Украинадаги уруш янада авж олишига йўл қўймаслик ва урушни тугатиш йўлидаги ҳаракатларни икки баравар ошириш эканлигини таъкидлади.

БМТ ва гуманитар ҳамкорларимиз вазиятни енгиллаштириш учун астойдил ҳаракат қилмоқда. Бу фожеали урушни тугатиш учун янада кўпроқ бирга ҳаракат қилишимиз, тинчликка эришиш учун бор кучимизни аямаслигимиз керак”, — деди Мартин Гриффиц.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украинанинг тинч аҳолиси учун ўта оғир вазият юзага келди – БМТ