21:08 / 09.12.2022
1 021

Уруш бошланганидан бери 300 мингга яқин украиналик Россия паспортини олди

Уруш бошланганидан бери 300 мингга яқин украиналик Россия паспортини олди
Фото: «ТАСС»
Россия қуролли кучларининг Украинага ҳужуми бошланганидан буён 300 мингга яқин украиналиклар Россия фуқаролигини олди. Бу ҳақда «Медиазона» нашри маълум қилди.

Журналистларга кўра, босқиннинг дастлабки кунлариданоқ босиб олинган ҳудудларда яшовчи ёки Россияга депортация қилинган украиналикларга паспорт бериш кучайган. Ҳужжатларни беришда асосий эътибор Ростов вилояти ва аннексия қилинган Қримга қаратилган.

«Агар урушдан олдин Ички ишлар вазирлиги маълумотларини таҳлил қиладиган бўлсак, украиналиклар Россия фуқаролигини олган хорижликлар орасида етакчи бўлган. 2021 йилда барча янги паспортларнинг 50 фоизи Украина фуқаролари, ундан кейин Тожикистон, Қозоғистон, Арманистон ва бошқа постсовет мамлакатлари эгаллаган», дейилади мақолада.

Россия расмийларининг статистик маълумотларига кўра, 2016 йилдан 2020 йилгача қарийб 1 миллион украиналик фуқаролик олган. Улар орасида босиб олинган Донбасс аҳолиси ҳам бор. Аммо босқиндан кейин Россия паспортини олишни хоҳловчи Украина фуқаролари сони кескин камайган.

Вазият июль ойида, Владимир Путин барча украиналиклар учун босиб олинган ҳудудларда яшашни тасдиқловчи ҳужжатсиз фуқароликни олишни соддалаштирувчи фармонни имзолаганидан сўнг ўзгарган. 2022 йилнинг учинчи чорагида Украина фуқаролари Россия фуқаролигини олиш бўйича рекорд ўрнатган.

Октябрь ойидан бошлаб, Россия Украинанинг тўрт вилоятининг расман аннексия қилинишини эълон қилганидан бери, бу ҳудудларнинг барча аҳолиси автоматик равишда Россия фуқароси ҳисобланиш ҳуқуқини олди. Бу схема ортидан бир ойда 40 мингга яқин фуқаро паспорт олди. Ушбу паспортларнинг тўртдан уч қисми Ростов вилоятида берилган. Москва ва Москва вилоятида жами қарийб 2,5 минг киши паспорт олди, икки мингга яқини Сибир ва Узоқ Шарқ минтақаларида берилган.

Шунингдек, октябрь ойида Қримда Украина фуқаролари учун паспорт бериш фаоллашди — бир ой ичида 30 минг киши фуқаролик олди. Уларнинг муҳим қисми аслида паспорт олишга мажбур бўлган қочқинлардир, чунки Россия ҳужжатларисиз ҳеч қандай ижтимоий хизматларни олиш деярли мумкин эмас.

Умумий натижаларни сарҳисоб қилиб, мақола муаллифлари кенг кўламли босқиннинг бошидан октябрь ойи охиригача, тахминан, 300 минг украиналик Россия паспортини олган деган хулосага келди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Уруш бошланганидан бери 300 мингга яқин украиналик Россия паспортини олди