16:03 / 12.12.2022
879

Сербия президенти: Косово билан кескинлик туфайли 11 декабрь фаолиятимдаги энг оғир кун бўлди

Сербия президенти: Косово билан кескинлик туфайли 11 декабрь фаолиятимдаги энг оғир кун бўлди
Фото: Getty Images
Сербия ва Косово ўртасидаги можаро авж олган бир пайтда Сербия президенти Александр Вучич 11 декабрни мамлакат раҳбарлиги фаолиятидаги энг оғир кун деб атади. У сербларни тинчлик сақлашга ва провокацияларга берилмасликка чақирди.

«Халқимиз оғир кечани ўтказмоқда ва мен улар билан бирга бўлишим керак. Бизда Косово учун НАТО кучларидан ҳеч қандай зўравонлик бўлмаслиги ҳақида кафолат бор. Биз фақат мамлакатимизни ҳимоя қилиш учун муайян чоралар кўрдик», — деди Вучич 11 декабрь куни кечқурунги баёнотида.

У, шунингдек, АҚШнинг Белград ва Приштинадаги элчихоналари қўшма баёнотига муносабат билдирди, унда Вашингтон Косово шимолидаги ноқонуний баррикадаларни бузиб ташлашга ва зўравонлик таҳдидларини тўхтатишга чақирганди. Вучичнинг сўзларига кўра, у бундай «хабар»ни кутган, аммо бундан ҳафсаласи пир бўлган. Сербия раҳбарининг айтишича, Косово Қўшма Штатларнинг «фарзанди» ва «улар уни ҳимоя қилади».

«Гап Косоводаги серб муаммосига барҳам беришга уриниш ҳақида кетмоқда. Бу муаммода Косово бош вазири Албин Курти, Приштина ҳукумати ва халқаро ҳамжамиятнинг иштироки бор», — деди Вучич.

10 декабрь куни, асосан, серблар истиқомат қиладиган Косово шимолида баррикадалар пайдо бўла бошлади, бундан ташқари, аҳоли чегара пунктларига борадиган йўлларни тўсиб қўйди. Тўполонга асли серб бўлган косоволик полициячи Деян Пантичнинг ҳибсга олиниши сабаб бўлган. Бир неча кун олдин у ва унинг айрим ҳамкасблари Косово полициясида хизматни давом эттиришдан бош тортган ва Косовска-Митровица шаҳридаги лавозимларини тарк этганди.

Қисман тан олинган Косово ҳукумати 11 декабрь куни НАТОнинг Косоводаги контингенти қўмондонлигига республика шимолидаги баррикадаларни олиб ташлаш талаби билан мурожаат қилди. Курти, кечгача жавобни кутиши, талаб рад этилган тақдирда баррикадаларни Косово хавфсизлик кучлари демонтаж қилиши мумкинлигини таъкидлади. Шундан сўнг Вучич Сербия Хавфсизлик кенгаши йиғилишини чақирди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг