date
views 1 048

Қозоғистон 2024 йилдан ҳашамат солиғини жорий қилади

Қозоғистон 2024 йилдан ҳашамат солиғини жорий қилади
Фото: AP
Қозоғистон парламенти Сенати йиғилишида миллий иқтисодиёт вазири Алибек Қуантиров Қозоғистонда ҳашамат солиғини жорий этиш масаласига тўхталди.

Вазирнинг сўзларига кўра, 2023 йилнинг биринчи чорагида тегишли давлат идоралари ҳашамат солиғи бўйича қоидаларни ўз ичига олган янги Солиқ кодексини яратиш устида фаол ишлашни режалаштирмоқда.

«Кейинги йил биз янги Солиқ кодекси устида фаол ишламоқчимиз. Кузга қадар парламентга тақдим этамиз. Ҳозирча, биз олдиндан тахмин қилмоқдамизки, ҳашамат солиғи жорий этилади. 2024 йилдан бошлаб бутунлай янги Солиқ кодекси кучга киради», деди Алибек Қуантиров.

Вазир ҳашамат солиғи қандай бўлади, уни кимлар тўлайди деган саволга ҳам жавоб берди.

«Биз турли хил вариантларни кўриб чиқмоқдамиз. Биринчи вариант кўчмас мулк объектлари сони бўйича. Яъни маълум миқдордан ошиб кетганлиги учун. Агар бир жисмоний шахснинг кўчмас мулк объектлари кўп бўлса, у ҳолда кўчмас мулк объектларига қўшимча солиқ солиш мумкин бўлади. Ёки бу уларнинг нархига боғлиқ бўлади. Албатта, бу, асосан, ушбу солиқни тўлашга қодир бўлган бадавлат одамларга таъсир қилади. Шунга кўра, бу уларга зарар келтирмайди. Ҳашамат солиғи, қоида тариқасида, қимматбаҳо машиналар, бошқа ҳашаматли нарсалар, эҳтимол антиквар буюмлар ва бошқаларга нисбатан қўлланиши мумкин», деб тушунтирди вазир.

Аввалроқ, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев солиқ ислоҳоти доирасида ўрта синфга таъсир қилмайдиган ҳашамат солиғини жорий этиш имкониятларини кўриб чиқиш зарурлигини айтган эди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистон 2024 йилдан ҳашамат солиғини жорий қилади