
“Халқимиз ўз тарихий заминида яшаш ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида асрлар давомида катта фидойилик кўрсатди. Шунга қарамасдан, халқимиз турли даврларда ўз она юртларидан айро яшаган”.
Бу гапларни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев бир гуруҳ Ғарбий Озарбайжон (Эрон) зиёлилари билан учрашувда айтди, дея хабар берди “Azertac” сайти.
Илҳом Алиев Озарбайжон тарихида ҳам шонли, ҳам қоронғу саҳифалар бўлганини таъкидлади:
– ХХ аср халқимиз учун жуда катта фожеаларни олиб келди. 1918 йилда янги ташкил этилган Озарбайжон Халқ Республикасининг дастлабки қарорларидан бири тарихий шаҳримиз – Иреванни (ҳозирги Ереван) Арманистонга берди. Бу кечирилмас қадам, хиёнат ва жиноят эди. Буни барчамиз яхши биламиз, буни халқимиз ҳам билиши керак. Биз ҳеч қачон тарихимизни бузмаслигимиз керак, – деди Илҳом Алиев.
Шунингдек, Алиев, юз йил аввал ташкил этилган ва руслар томонидан (худди Қўқон мухторияти каби) босқинчилик ҳаракати билан вайрон қилинган мустақил Озарбайжон давлатининг аянчли тақдири борасида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.
“Озарбайжон Демократик Республикасининг ташкил этилиши, унинг қисқа муддатли фаолияти ҳақида бир неча бор фикр билдирганман. Озарбайжон Демократик Республикаси асосчиларининг фаолиятини юқори баҳоладим. У бор-йўғи икки йил яшаган бўлса-да, ҳақиқатан ҳам мусулмон оламида жаҳон миқёсида биринчи республика эди. Бироқ тарихимизнинг қора саҳифаларини унутмаслигимиз, яширмаслигимиз керак. Биринчидан, тарихий ҳақиқатни бузиб кўрсатмаслик керак. Иккинчидан, бу фожеали воқеа барчамиз учун сабоқ бўлиши керак”, деди у.
Илҳом Алиев ҳозирги кунда Эрон давлати ҳудудида қолган ва қарийб ўттиз миллион озарбайжон яшайдиган Ғарбий Озарбайжон ҳам тарихан ўзларига тегишли замин эканини ва буни кўплаб тарихий ҳужжатлар, тарихий хариталар тасдиқлашини таъкидлади.
“Афсуски, арманлар Қорабоғда қилгани каби Ғарбий Озарбайжонда ҳам барча тарихий ва диний ёдгорликларимизни текислаб, вайрон қилди. Улар озарбайжонларнинг тарихий меросини йўқ қилмоқчи бўлди, аммо бунга эриша олмади, чунки тарих бор, ҳужжатлар бор, хариталар бор. XX аср бошларидаги харита Ғарбий Озарбайжоннинг тарихий Озарбайжон вилояти экани, бу ҳудуддаги шаҳар ва қишлоқларнинг номлари эса озарбайжонча бўлганидан яна бир бор гувоҳлик беради. Биз яхши биламизки, озарбайжон халқи тарихлар давомида ҳозирги Арманистон ҳудудида яшаб келган”.
Алиев кейинги асосий вазифа ана шу маълумотларни жаҳон жамоатчилигига етказиш экани билдирди. Бу борада ишлар аллақачон бошлангани, Ғарбий Озарбайжоннинг зиёлилари ҳам бу йўналишда янада мақсадли иш олиб боришига ишонишини маълум қилди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар