10:48 / 07.01.2023
361

Украинадаги жанглар бир томонлама сулҳга қарамай давом этди

Украинадаги жанглар бир томонлама сулҳга қарамай давом этди
Фото: AP
6 январь, жума куни Украинада жанглар давом этди - бу Россия президенти Владимир Путин соат 12.00 дан бошлаб «Рождество сулҳини» бир томонлама эълон қилганига қарамай юз берди. Тўққиз йиллик уруш давомида Россия ҳеч қачон ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувларга амал қилмаган, деб ёзди Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр Telegram'да.

Унинг сўзларига кўра, аксилтеррор операцияси (АТО) давомида Донбассдаги келишув бўйича уч томонлама алоқа гуруҳи доирасида томонлар келишиб олган «озми-кўпми барқарор ўт очишни тўхтатиш»га 11 марта уриниш бўлган. «Уларнинг барчасига Россия қасддан ҳаракатлари билан тўсқинлик қилмоқда», деди Маляр.

Ўз навбатида, Донецк вилояти ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раҳбари Павел Кириленко Telegram'да Россия Қуролли кучлари эрталаб Покровский туманидаги Кураховода «марказга қарата ўқ узгани», иккита кўп қаватли ва бир хусусий уйга зарба берганини ёзди. Маҳаллий касалхонанинг филиали шикастланган, дастлабки маълумотларга кўра, бир киши жароҳатланган, деди Кириленко. «Шаҳарда қолиш хавфли! Ўз вақтида эвакуация қилинг!», дея қўшимча қилди у.

Украина президенти девони раҳбари ўринбосари Кирило Тимошенко ўт очишни тўхтатиш режими бошланишидан бир неча соат олдин Краматорск ўққа тутилгани ҳақида Telegram'да маълум қилди. «Краматорск. Босқинчилар шаҳарга икки марта ракетадан ўқ узди. Хусусий турар жой биносига зарба бор», - деб ёзди президенти девони раҳбари ўринбосари Тимошенко Telegram-каналида. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар йўқ.

«6 январь. Бутун Украина бўйлаб ҳаво ҳужумлари. Совуқ бомба бошпаналарида болалар. Херсонда ўт ўчириш станциясига ҳужум қилинди. Бу Россия сулҳининг моҳиятидир. Худди сукунатдек ўзини тутиб, орқадан зарба бериш», - деди Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк. «Ҳеч қачон Россиянинг сўзларини жиддий қабул қилманг. Бу ҳар доим алдаш бўлади», - дея қўшимча қилди у.

Россия Мудофаа вазирлиги вакили Игор Конашенков, ўз навбатида, Украина аҳоли пунктлари ва Россия армияси позицияларини ўққа тутишда давом этганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Украина Қуролли кучларининг Лиман йўналишида Россия позицияларига тўртта миномётдан, Луҳанск вилоятининг Белогоровка туманида учта артиллериядан, Запорижжя вилояти Новопавловка ҳудудидан эса яна саккиз шундай қурилмадан ўқ отилган. «Украина қуролли кучларининг ўққа тутилган позициялари Россия қўшинларининг жавоб ўқлари билан бостирилди», — деди генерал.

Айни пайтда, Киев сулҳга қўшилишини айтмади. Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов аввалроқ Украина Россия билан «Рождество оташкесими» бўйича ҳеч қандай музокаралар олиб бормайди, дея таъкидлади. «Ечим жуда оддий - улар чамадонларини олиб, Россияга кетишади. Биз улар билан ҳеч қандай сулҳ бўйича музокаралар олиб бормаймиз. Бунинг бизга алоқаси йўқ», - деди Данилов.

Олий рададаги «Голос» фракцияси депутати, парламентнинг миллий хавфсизлик, мудофаа ва разведка қўмитаси котиби Роман Костенко Кремль демаршини Украинага қарши ахборот урушининг элементи деб ҳисоблади. «Улар 25 декабрь куни ва янги йил арафасида бизга қарата ўқ узди. Хандақдаги аскарларимиз Россия сулҳи нима эканлигини яхши билади. Ҳозир бу келажакда музокаралар олиб бориш учун ўз черкови орқали сулҳга эришишга уринишдир», деди Костенко.

6 январь куни Россия Мудофаа вазирлиги 6 январь соат 12:00 дан 7 январь 24:00 га қадар Украинада «томонлар ўртасидаги бутун алоқа чизиғи бўйлаб» ўт очишни тўхтатиш режими эълон қилинганини тасдиқлади. Қарор бир томонлама қабул қилинди.

Рождество байрами муносабати билан Кремль томонидан эълон қилинган ўт очишни тўхтатиш келишуви Украина ҳудудининг давом этаётган ўққа тутилиши, жумладан, муҳим нишонларга ва тинч аҳоли вакилларига қилинган ҳужумлар учун «Россиянинг ўз масъулиятини яширишга қўпол уринишидир», деб маълум қилди Франция Ташқи ишлар вазирлиги.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг