
Фото: grani
Россияда 15 январь куни сафарбарликнинг янги тўлқини бошланади, унинг давомида ярим миллион киши чақирилади, дея хабар берди Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси. Россия баҳор ва ёзда ҳужум қилиши учун жуда кўп янги аскарлар талаб қилинади.
Россия жорий қиш мавсумида янги сафарбарлик тўлқини даврида яна 500 минг кишини армияга жалб қилмоқчи. Бу ҳақда Британиянинг The Guardian газетаси 6 январь, жума куни Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси раҳбари ўринбосари Вадим Скибицкийга таяниб хабар берди.
Унга кўра, сафарбарлик янги йил байрамларидан кейин, тахминан 15 январдан бошланади. Ҳукуматга ҳарбий қисмларни шакллантириш ва жиҳозлаш учун тахминан икки ой керак бўлади ва уларнинг қанчалик яхши қуролланганлиги ва тайёргарлиги русларнинг жанг майдонидаги муваффақиятини аниқлайди. Ўз навбатида, Украина қўшинларининг муваффақияти янги бўлинмаларни жиҳозлаш учун Ғарб ўқ-дорилари ва қурол-яроғлари таъминотини давом эттиришга боғлиқ бўлади, деди Скибицкий.
Украина ҳарбий разведкаси янги сафарбар этилганлар 2023 йилнинг баҳор ва ёзида Украина шарқи ва жанубида ўтказилиши мумкин бўлган бир қатор Россия ҳужум операцияларида иштирок этишини тахмин қилмоқда. «Улар Донецк, Харкив вилоятларида ва эҳтимол, Запорижжяда ҳам ҳужум уюштириб, Херсон ва Қримда ўзларини ҳимоя қиладилар. Уларга топшириқларини бажариш учун шунча одам керак бўлади», - деди Украина ҳарбий разведкаси раҳбари ўринбосари.
Унинг сўзларига кўра, агар Россия армияси яқин олти-саккиз ой ичида ижобий натижага эриша олмаса, Россия президенти Владимир Путин якуний тарзда муваффақиятсизликка учрайди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар