13:39 / 08.01.2023
679

Бир оғиз сўзи билан мушрикларни ғазаблантирган саҳоба

Бир оғиз сўзи билан мушрикларни ғазаблантирган саҳоба
Умайя ибн Халаф ўзининг мусулмон қули Билол ибн Рабоҳни жазирама саҳро қуёши остида ва иссиқ қум устида қийноққа солар ва унга: «Ўлгунингча ёки Муҳаммад ибн Абдуллоҳга кофир бўлмагунинча шундай қоласан!», дерди.

Билол эса ўзининг машҳур «Аҳадун Аҳад» сўзларини такрорлайверди. Буни эшитган мушрикларнинг ғазаби жазирама қуёшидан ҳам кўпроқ аланга олаверди.

Анча замонлар ўтиб, бир куни саҳобалар ундан: “Эй Билол, нега Аллоҳнинг бошқа исми ўрнига «Аҳадун Аҳад» дединг?” деб сўрашган эди. Шунда Билол розияллоҳу анҳу жавоб берди: «Аввал бошқа гапларни айтдим. Аммо кейин мен уларни энг кўп ғазаблантирган нарса Аллоҳнинг мана шу исми эканини пайқадим ва уни такрорлайвердим».

Қурайш мушриклари Аллоҳнинг кимлигини билишар ва унга сиғинамиз деган фикрда юришарди. Лекин улар, шунингдек, Лот ва Уззо каби кичикроқ «худолар» ҳам бор, уларга ҳам сиғиниш керак, чунки кичик “худо”лар энг буюк Худо деб билган Аллоҳнинг ҳузурида шафоат қилишлари мумкин, деб ўйлашар эди. Бу улар ўзларини алдаган ширк эди.

Агар Билол «Аллоҳ, Аллоҳ» деса, улар ранжимас, чунки улар Аллоҳнинг Холиқ (Яратувчи) ёки Аллоҳ (Худо) каби бошқа исмларини ҳам билардилар.

Агар улардан: «Осмонлару ерни ким яратди?» – деб сўрасанг, албатта, «Аллоҳ!» – дерлар...» (Зумар сураси, 38-оят).

Лекин Аллоҳнинг улар ҳеч қачон қабул қилмаган ягона сифати Унинг мутлақ бирлиги, яъни ягоналиги эди.

Аллоҳнинг бу исмини инкор этишлари очиқ ва очиқдан-очиқ ширк эди. Агар Аллоҳ Аҳад – ягона бўлса, уларнинг юзлаб барча «кичик худолари» ёлғон эди.

Шунинг учун Билол уни қийнаганларида такрорлаш учун айтиши мумкин бўлган барча сўзлардан бу исмни танлади.

Ҳатто қийноқлар пайтида ҳам уларни масхара қилишда давом этди. Қўрқув йўқ эди. Фақат мушрикларга итоатсизлик бор эди.

Зеро, тавҳид ҳақида гап кетганда илтимос, илтижо ёки талабга ён беришлар, ҳеч қандай дипломатик «муроса» кетмайди. Билол, унинг эътиқоди мушрикларникидан фарқ қилиши ва чегараланишини кўрсатиб беришдан қўрқмади. Иймони унга куч берди!

Тасаввур қилинг, сизда ҳам шундай куч ва иймон бор!

Ёқуб Умар тайёрлади

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг