
Қозоғистон хорижликларнинг мамлакатга кириши ва бўлиши қоидаларини кучайтирди. Мамлакат бош вазири Алихон Смаилов томонидан тасдиқланган ҳужжат норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сайтида эълон қилинган.
Энди 27 январдан бошлаб Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари – Россия, Беларус, Арманистон ва Қирғизистон фуқароларига ҳар бир 180 кунлик даврда республикада 90 кундан ортиқ бўлмаган муддатга бўлишларига рухсат берилади. Агар бу муддат ошиб кетган бўлса, мамлакатни тарк этган чет эл фуқароси қайтиб кела олмайди. Янги қоидалар вақтинчалик яшаш учун рухсатнома олган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.
Илгари россияликлар Қозоғистон чегарасини ҳар уч ойда бир марта кесиб ўтиб, қайтиб келишлари мумкин бўлган визарандан фойдаланишлари мумкин эди. Бу давлат ҳудудида қонуний бўлиш муддатини янгилаш учун етарли эди.
Россия ҳарбийларининг Украинага бостириб кириши бошланганидан бери Қозоғистон Россияни тарк этувчи фуқароларнинг асосий йўналишларидан бирига айланди, у ерга юз минглаб россияликлар кириб келишди. Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, сафарбарлик эълон қилингандан кейингина республикага 400 минг россиялик келган, улардан 150 минг нафари мамлакатда қолган, атиги 36 минг киши вақтинчалик яшаш учун рухсатнома олган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар