
Фото: “РИА Новости”
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ғарб давлатлари Молдовани “навбатдаги Украина” сифатида кўраётганини айтди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.
Сергей Лавров “Россия сегодня” бош директори Дмитрий Киселёвга берган интервьюсида Россия атрофидаги давлатларнинг қайси бири “Украина йўлидан” бориши мумкинлигини айтди.
“Ҳозир Молдова бу ролга кўз тикмоқда”, — деди Россия ташқи ишлар вазири ва Молдова президенти Майя Санду НАТОга аъзо бўлмоқчи эканини айтди.
“Биринчидан, улар мутлақо ўзига хос усуллар билан демократликдан йироқ ҳолда президентни мамлакат бошига қўйишга муваффақ бўлди. Бу президент НАТОга киришга интилмоқда, у Руминия фуқаролигига эга ва Руминия билан бирлашишга, умуман ҳамма нарсага тайёр”, — деди Лавров.
Унинг сўзларига кўра, Молдова расмийларининг НАТОга интилиши Ғарб ва Кишинёвнинг “5+2” форматидаги музокараларни қайта бошлашдан бош тортишига олиб келди.
“Ушбу формат Ғарб томонидан аллақачон яроқсиз ҳисобланади, чунки и Кишинёвда ҳудудий яхлитликдан ва Приднестрове билан келишувлардан манфаатдор бўлган ҳокимият мавжуд бўлганида зарур эди. Приднестр муаммосини куч билан ҳал қилишга тайёр бўлган, у ердан бизнинг тинчликпарвар кучларимизни ва Колбаснадаги ўқ-дорилар омборларини қўриқлаётганларни ҳайдаб чиқаришни талаб қиладиган ҳукумат келгач, ҳеч қандай музокара формати керак эмас, фақат ҳукуматни қўллаб-қувватлаш керак”, — деди Лавров.
Шунингдек, у “Ғарб Молдовани Россияга қарши давлатга айлантирмоқчилигини” хулоса қилди.
Маълумот ўрнида, Молдова Украинадаги уруш туфайли Россия билан алоқаларни узган. Молдова разведкаси раҳбари Россия қўшинларининг Украина орқали Молдова томон ҳаракатланиши хавфини “реал ва жуда юқори” деб атаган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар