13:50 / 06.02.2023
359

Туркиядаги кучли зилзила: ҳалок бўлганлар сони 50 кишига етди

Туркиядаги кучли зилзила: ҳалок бўлганлар сони 50 кишига етди
Фото: Getty Images
Туркия жануби-шарқида, Сурия билан чегара яқинида кучли зилзила юз берди. Камида 50 киши ҳалок бўлди, қурбонлар сони ортишда давом этмоқда.

Маҳаллий матбуот тарқатган маълумотларга қараганда, камида 22 та афтершок қайд этилган, энг кучлиси 6,6 магнитудани ташкил қилган. Халқаро ёрдамни назарда тутувчи огоҳлантириш даражаси эълон қилинди.

АҚШ Геология хизмати 7,8 магнитудали зилзила маҳаллий вақт билан соат 04:17 да Газиантеп шаҳри яқинида, 17,9 км чуқурликда содир бўлганини маълум қилди.

Бир қанча бинолар қулаган, вайроналар остида одамлар қолиб кетган бўлиши мумкин.

Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу 10 та шаҳар жиддий зарар кўрганини айтди: Газиантеп, Қаҳрамонмараш, Ҳатай, Усмония, Адияман, Малатя, Шанлиурфа, Адана, Диёрбакир ва Килис.

TRT ва Haberturk телеканаллари Қаҳрамонмарашда вайрон бўлган бино атрофида тўпланган одамларнинг тирик қолганларни қидираётгани акс этган тасвирларни тарқатди.

Би-би-си Турк хизматининг Диёрбакирдаги мухбири шаҳарда савдо маркази қулаб тушганини хабар қилди.

Ер силкинишлари пойтахт Анқара ва Туркиянинг бошқа шаҳарларида, шунингдек, бутун минтақада – Кипр, Ливан ва Сурияда сезилган.

Сурия давлат матбуоти Ҳалаб вилоятида кўп сонли бинолар қулаганини маълум қилди. Хамадаги давлат хизматидаги манбага кўра, у ерда бир қанча бинолар қулаган, деб хабар бермоқда Reuters.

«Уй деворларидан ҳатто расмлар тушиб кетди», деди Дамашқда яшовчи Самир Reuters агентлигига. «Мен даҳшатдан уйғониб кетдим. Ҳаммамиз кийиниб, эшик олдида турибмиз».

Гувоҳларнинг айтишича, Дамашқда, шунингдек, Ливаннинг Байрут ва Триполи шаҳарларида одамлар уйлари қулаб тушишидан хавотирланиб, уни тарк этиш учун кўчаларга чиққан ва машиналарга ўтириб олган.

Ғазодаги Би-би-си продюсери Рушди Абуалуфнинг айтишича, у яшаган уй тахминан 45 сония давомида силкинган.

Туркиялик сейсмологлар зилзила кучини 7,4 балл деб баҳолаган. Уларнинг сўзларига кўра, бир неча дақиқадан сўнг минтақада иккинчи ерости силкиниши содир бўлган.

Туркия Қизил Хоч ташкилоти раҳбари жиддий зарар кўрган ва вайрон бўлган бинолар сабабли жабрланган ҳудудга ёрдам бериш учун ресурсларни сафарбар қилаётганини айтди ва одамларни вайрон бўлган уйлардан эвакуация қилишга чақирди.

Туркия дунёдаги энг фаол сейсмик зоналардан бирида жойлашган.

1999 йилда мамлакат шимоли-ғарбидаги Измит минтақасида қайд этилган кучли зилзила оқибатида 17 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлганди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг