Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев НАТО давлатларини Украинага қирувчи самолётлар етказиб беришдан огоҳлантирди. Унинг сўзларига кўра, Киевга бундай самолётлар билан боғлиқ ҳар қандай ёрдам, жумладан, техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш алянснинг Россияга қарши уруш очиш сифатида баҳоланади.
Медведев, шунингдек: "Бундай техника ёки қуролларни етказиб бериш, таъмирлаш тўғрисида қарор қабул қилган барча шахслар, чет эллик ёлланма аскарлар ва ҳарбий инструкторлар нишон сифатида кўрилиши керак", дея таъкидлади.
Аввалроқ Варшава Украинага қирувчи самолётларни етказишга тайёр эканлигини эълон қилган бўлса, бош вазир Матеуш Моравецкий Польша НАТО давлатларидан биринчи бўлиб буни амалга оширмаслигини таъкидлаган.
Медведев ўз постларида мунтазам равишда Польшани эслаб туради. Украинага бостириб киришининг бир йиллиги муносабати билан у Киевдан келаётган таҳдидларни қайтариш учун Россия Польшага етиб бориши кераклигини, акс ҳолда Украина кучлари яна “дунё можаросини қўзғатади” деб ёзган эди. У, шунингдек, Польша ва Болтиқбўйи мамлакатлари АҚШ қарорларини қўллаб-қувватлагани учун уни “Европа манфаатларига хиёнат қилишда” айблади.
Бундан ташқари, Медведев: "Варшава Украинани бўлиб олишни ва ўзига бир қанча ҳудудларни эгаллашни кўзлаб турибди", дея таъкидлади. Худди шундай ишора билан Россия ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкин ҳам баёнот берди.
Аввалроқ Польша президенти Анджей Дуда иттифоқчилар Украинага зарурий ҳарбий техникани зудлик билан жўнатишлари кераклигини, чунки Россия ғалаба қозонса, президент Владимир Путин бу билан тўхтаб қолмаслигини таъкидлаган.
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Польшани Украинадан кейинги "нишон" деб атади. Босқинчилик учун баҳона яратиш учун у "Қрим сценарийси" дан фойдаланишни таклиф қилди. Чеченистон раҳбарининг сўзларига кўра, Россия катта қисми Польша таркибига кирувчи Силезия автономияси бўйича “референдум” ўтказишга ёрдам бериши, сўнгра бутун мамлакатни “денацификация ва демилитаризация” қилиши керак.
![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)