10:30 / 06.03.2023
480

«Вагнер» Россиядаги спорт клублари орқали жангчиларни ёллаяпти

Фото: Picture Alliance

«Вагнер» ХҲК учун ёллаш пунктлари Ростов-Дон, Тюмен, Самара, шунингдек, Москвадаги саккизта спорт клубларида очилди. ISW ХҲК маҳбусларни ёллашдаги тўсиқлар туфайли янги қабул қилиш каналини яратмоқда, деб ҳисоблайди.

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси Россияда спорт клублари негизида бир нечта ёллаш марказларини очди. Бу ҳақда 4 март, шанба куни Россиянинг Украинага қарши уруши воқеаларини ҳар куни сарҳисоб қилиб борувчи Америка урушни ўрганиш институти (ISW) маълум қилди.

Хабарда таъкидланганидек, «Вагнер» ХҲКга қабул қилиш пунктлари Ростов-Дон шаҳридаги «Антарес» спорт клубида, Тюменда бокс федерацияси биносида, Самарада «Динамо» спорт жамияти биносида очилган. Бундан ташқари, «Вагнер гуруҳи»нинг ўз маълумотларига кўра, Москвадаги саккизта спорт клуби негизида қабул қилиш марказлари иш бошлаган.

Бу ҳақда аввалроқ «Вагнер» ХҲК асосчиси, Россия президенти Владимир Путинга яқин бизнесмен Евгений Пригожин айтган эди. «Вагнер» ХҲКга янги жангчиларни жалб қилиш учун... биз бир қатор шаҳарларда қабул қилиш марказларини очганмиз... Бу марказлар спорт клублари негизида жойлашган, у ерга борасиз, сиз қанчалик жисмонан кучли эканингиз текширилади, кейин сизга қандай қилиб қабул қилинишингиз айтилади. Биз бу марказларга тўлиқ ишонамиз, улар бизнинг қўллаб-қувватловчиларимиз», деди у.

ISW «Вагнер» ХҲК маҳбусларни ёллашдаги тўсиқлар туфайли янги ишга қабул қилиш каналини яратмоқда, деб ҳисоблайди. Пригожин 9 февралдаёқ бу қарор сабабларини тушунтирмасдан, хусусий ҳарбий компания маҳбусларни ёллашни бутунлай тўхтатганини эълон қилди. Март ойи бошида у, шунингдек, ХҲК «шахсий таркиб билан, шу жумладан маҳбуслар билан тўлдирилишига йўл қўйилмаслигини» айтди. Аввалроқ, Россия армиясидаги маҳбуслар эндиликда Россия Мудофаа вазирлиги орқали ёлланаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг