Россияда «Телеграм» аудиторияси кескин қисқариб бормоқда

Россияда Telegram мессенжери атрофидаги вазият янада мураккаблашмоқда. Оммавий ахборот воситалари тарқатган маълумотларга кўра, сўнгги икки ой ичида платформани тарк этган россиялик фойдаланувчилар сони 40 миллион нафарга етган.
Бу ҳақда «Маш» телеграм-канали хабар тарқатди. Манбага кўра, мессенжер блокировка қилинганидан кейин Telegram’дан фойдаланиш даражаси кескин пасайган.
Муаллифлар таъкидлашича, май ойи бошларида мессенжернинг барқарор ишлаши жиддий равишда ёмонлашган. Агар аввал хизмат ишлаш кўрсаткичи 98 фоиз атрофида бўлган бўлса, кейинчалик бу рақам 13 фоизгача тушиб кетган.
Шу билан бирга, ҳатто VPN хизматлари орқали ҳам мессенжердан фойдаланиш қийинлашгани айтилмоқда. Сабаб сифатида блокировкаларни четлаб ўтишга ёрдам берувчи шлюзлар ва серверларга қарши чекловлар кучайтирилгани кўрсатилмоқда.
Таҳлилчилар маълумотларига кўра, Telegram учун энг оғир кунлардан бири 2026 йил 20 март санаси бўлган. Ўша пайтда VPN хизматисиз мессенжерга кира олган фойдаланувчилар сони тўрт бараварга қисқаргани қайд этилган.
Апрель ойининг ўрталарига келиб эса бепул VPN хизматлари орқали Telegram’дан фойдаланиш деярли тўхтаб қолган.
Ахборот технологиялари соҳаси мутахассиси Константин Сестричкин «Газета.Ру» нашрига берган изоҳида, мессенжер Россиядаги кучли блокировкаларни четлаб ўтиш учун етарли техник ресурс ва имкониятларга эга эмаслигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Россияда Telegram’га қарши чекловлар мессенжер маъмурияти маҳаллий қонунчилик талабларини бажармагани билан изоҳланган. Хусусан, шахсий маълумотлар хавфсизлиги ва давлат идоралари талабларига риоя қилиш масалалари асосий баҳс мавзусига айланган эди.
Мутахассислар фикрича, агар чекловлар шу тарзда давом этса, Россиядаги рақамли коммуникация бозорида жиддий ўзгаришлар юз бериши мумкин. Чунки Telegram нафақат оддий мулоқот воситаси, балки бизнес, ахборот ва медиа платформаси сифатида ҳам кенг қўлланиб келаётган эди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!