Фото: Global Look Press
Ҳарбий рўйхатга олиш комиссарликлари чақирув қоғози юбораётган Россия ҳудудлари рўйхатини ҳуқуқ ҳимоячиси Павел Чиков эълон қилиб, сафарбарликнинг иккинчи тўлқини ҳақида ҳозирча гап йўқлигини таъкидлади.
Россиянинг камида 35 та ҳудуди чақирув қоғозлари тарқатилиши ва ҳарбий тайёргарлик бошлангани ҳақида 15 март, чоршанба куни маълум қилди, деди «Агора» инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Павел Чиков ўзининг Тelegram-каналида. Унга кўра, Россия фуқаролари ҳарбий рўйхатга олиш идорасига «маълумотларини янгилаш» ёки ҳарбий тайёргарликдан ўтиш учун чақириляпти.
«Бу ҳали сафарбарликнинг иккинчи тўлқини эмас», деб таъкидлайди Чиков ўз постида очиқ манбалардан олинган маълумотларга, масалан, Тюмен вилояти ҳукумати баёнотига, шунингдек, минтақавий оммавий ахборот воситалари ва интернет нашрлари хабарига таяниб.
Чиковнинг сўзларига кўра, ҳозирда қуйидаги ҳудудларда (алифбо тартибида) чақирув қоғозлари юборилмоқда: Олтой ўлкаси, Архангелск вилояти, Белгород вилояти, Владимир вилояти, Воронеж вилояти, Яҳудийлар автоном вилояти, Калуга вилояти, Кабарда–Болқория Республикаси, Краснодар ўлкаси, Красноярск ўлкаси, Ленинград вилояти, Липецк вилояти, Москва, Москва вилояти, Мурманск вилояти, Нижний Новгород вилояти, Омск вилояти, Пенза вилояти, Перм ўлкаси, Бошқирдистон Республикаси, Доғистон Республикаси, Коми Республикаси, Мари Эл Республикаси, Татаристон Республикаси, Санкт-Петербург, Саратов вилояти, Свердловск вилояти, Тамбов вилояти, Твер вилояти, Тюмен вилояти, Уляновск вилояти, Ханти-мансилар мухтор округи, Челябинск вилояти, Чувашистон ва Ямал ненецлари мухтор округи.
Ҳуқуқ ҳимоячиси таъкидлаганидек, «кўп саволларга ҳарбий тайёргарликка чақирув қоғозлари сабаб бўлади, бу фақат президент қароридан кейин ўтказилиши мумкин», бироқ бундай фармон бўлмаган ёки эълон қилинмаган. Шу муносабат билан, ҳарбий тайёргарлик учун захирага чақириш ноқонуний ҳисобланади, деб ёзади Чиков, агар чақирув қоғози олсангиз, «Агора» ишонч телефонига мурожаат қилишни тавсия этиб.
Ўз навбатида, «Новая газета Европа» нашри ўз мухбирининг Москвадаги почта қутисига келиб тушган чақирув қоғози сканерини тасдиқлаган ҳолда, чақирув қоғозлари ҳақиқатан ҳам топширилаётганини тасдиқлади.
2022 йил 21 сентябрда Россия президенти Владимир Путин «қисман сафарбарлик»ни эълон қилди. Украина билан урушда қатнашиш учун фуқароларнинг фақат маълум тоифалари чақирилиши айтилган эди, аммо кейинги воқеалар сафарбарлик жуда катта кўламда ўтганини кўрсатди.
2023 йил январь ойида Псков вилоят йиғилиши депутати Артур Гайдукнинг сўровига жавобан, Россия президентининг Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш бошқармаси Путиннинг Россияда «қисман сафарбарлик» тўғрисидаги фармони давом этаётгани ҳақида хабар берди.
Германия Федерал разведка хизмати февраль ойида хабар қилганидек, 2022 йил кузида Россияда 300 мингга яқин одам сафарбар қилинган, уларнинг баъзилари ҳали ҳам тайёргарликдан ўтмоқда, баъзилари аллақачон жанг майдонига юборилган. Федерал разведка хизмати раҳбари Бруно Кал сўзларига кўра, «Россиянинг кейинги сафарбарлик салоҳияти, агар Кремль буни зарур деб ҳисобласа, миллион кишигача бўлган захирани ташкил қилади».
21 февраль куни Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси Россияда сафарбарликнинг янги тўлқини доирасида оммавий равишда университетларнинг кундузги бўлимлари талабалари фронтга юборилиши мумкинлигини маълум қилди.
1 апрель куни Россияда ҳарбий хизматга баҳорги чақирув расман бошланади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг