13:13 / 16.03.2023
219

ОАВ: Исроил Украинага дронлардан ҳимоя тизимини етказиб беради

ОАВ: Исроил Украинага дронлардан ҳимоя тизимини етказиб беради

Фото: Picture Alliance

Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери биринчи марта Исроил Украинага қурол-яроғ етказиб бериш бўйича экспорт лицензияларини тасдиқлади– булар учувчисиз учоқларга қарши мудофаа тизимлари бўлиши мумкин, деб ёзади 15 март, чоршанба куни Американинг Axios ахборот портали Исроил ва Украина расмийларига таяниб.

Нашрнинг ёзишича, Исроилнинг учувчисиз учоқларга қарши мудофаа тизимларини ишлаб чиқарувчи икки компанияси Elbit ва Rafael шундай лицензияларни олган. Улар 40 километр радиусда УУАни уриб тушириш имконини берувчи радиоэлектрон технологиялардан фойдаланади. Исроил ташқи ишлар вазири Эли Коэн февраль ойи ўрталарида Киевга ташрифи чоғида Украина президенти Володимир Зеленскийга лицензиялар берилганини маълум қилди, деб ёзади газета.

Бундан ташқари, Украина Мудофаа вазирлиги делегацияси таклиф этилаётган тизимлар билан танишиш учун Исроилга ташриф буюргани, бироқ ҳозирча етказиб бериш бўйича келишувлар имзоланмагани хабар қилинган.

Аввалроқ, 28 январь куни Исроилнинг Германиядаги элчиси Рон Просор Исроил Украинага ёрдам бераётганини, «лекин бу ошкора эмаслиги ва маълум бўлганидан кўра кўпроқ эканини» айтиб, ушбу масалада ўз мамлакати эгаллаб турган позициясини тушунишга чақирган эди. Дипломат буни «Сурияда руслар» борлиги, шунингдек, Россияда катта яҳудий жамияти мавжудлиги билан изоҳлади.

Яқин вақтгача Исроил Украинага қурол етказиб беришни қатъиян рад этган, аммо Исроил расмийлари Россия агрессиясини бир неча бор аниқ қоралаган. 19 январь куни янги ташқи ишлар вазири Эли Коэн Киевни ҳуманитар ёрдам кўрсатиш давом эттирилишига ишонтирди.

Бундан олдин, 2022 йил октябр ойида Украина расмийлари Исроилга Эрон учувчисиз учоқларидан ҳимоя учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини етказиб бериш бўйича сўров юборгани хабар қилинган эди. DW’нинг Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими элементларини етказиб бериш имконияти ҳақидаги саволига Исроил ТИВ расмий вакили Исроил «бундай мавзуларни муҳокама қилмаслигини» айтди.

Исроилда навбатдан ташқари сайловлар бўлиб ўтиб, бош вазир Бенямин Нетаняху ҳокимиятга қайтганидан сўнг, у февраль ойи бошида CNN телеканалига берган интервьюсида ўз мамлакати Украинани «Темир гумбаз» ҳаво мудофаа тизими билан таъминлаш имкониятини истисно қилмаслигини билдирди.

Бир қатор ғарб давлатлари, шунингдек, Киев маълумотларига кўра, Эрон Россияга жанговар учувчисиз учоқларни етказиб бермоқда ва улардан Украинага ҳужум қилиш учун фойдаланилади. Бироқ Москва ва Теҳрон бундай ҳамкорликни рад этиб келади.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг