06:00 / 24.03.2023
318

Красноярск губернаторининг ўғли Италияда уй қамоғидан қочди

Красноярск губернаторининг ўғли Италияда уй қамоғидан қочди

Артём Усс / Фото: Ижтимоий тармоқлар

Россиянинг Красноярск ўлкаси губернатори ўғли, тадбиркор Артём Усс Италиянинг Милан шаҳрида уй қамоғидан қочиб кетди. Бу ҳақда Италия матбуотида хабарлар тарқалди.

Маҳаллий полиция воқеа жойига етиб боргунга қадар у электрон билагузукни синдириб, квартирадан қочиб кетган. Бир кун аввал Милан апелляция суди уни АҚШга экстрадициясини маъқуллаган эди. У ерда Артём Усс санкцияларни бузиш, ноқонуний операциялар (жумладан Венесуэла нефтини сотиш) ва пул ювишда айбланмоқда. Унга Қўшма Штатларда 30 йиллик қамоқ жазоси таҳдид қиляпти.

Усс 2022 йил 17 октябрда АҚШ Адлия вазирлиги талабига биноан Миланда ҳибсга олинган. Америка департаменти тадбиркор ва яна беш нафар россияликни санкциялардан қочиш ва пул ювишда айблади. Суд мажлисида тадбиркор айбловларни рад этиб, АҚШда охирги марта 14 ёшида бўлганини таъкидлади.

27 октябрь куни Артём Усс Россияда сиртдан ҳибсга олинди. Москванинг Мешчанский туман суди пул ювиш иши бўйича тадбиркорни сиртдан ҳибсга олишга рухсат берди. Россия Бош прокуратураси Италияга тадбиркорни Россияга экстрадиция қилиш бўйича сўров юборди. 

Январь ойидаги навбатдаги суд мажлисида Усс АҚШга эмас, Россияга экстрадиция қилинишини сўради. Тадбиркорнинг ҳимоячилари Қўшма Штатларда уларнинг мижози камситилиши мумкинлигини таъкидладилар.

21 март куни суд Уссни АҚШга экстрадиция қилишни маъқуллади. Тадбиркорнинг адвокатлари белгиланган 15 кун ичида қарор устидан шикоят қилишини айтишди.

Ҳозирда Италия полицияси Уссни қидириш ишларини бошлаб юборган.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг