Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг (ИҲОКБ) мониторинг миссияси Украинадаги уруш пайтида россияликлар томонидан камида 14 нафар украиналик ҳарбий асирни, шунингдек, украиналиклар томонидан камида 25 нафар россиялик ҳарбий асирни қатл қилиш ҳолатларини қайд этди. Бу ҳақда миссия ҳисоботида маълумот келтирилган.
ИҲОКБ ҳисоботига кўра, Россия Қуролли Кучлари назорати остидаги ҳудудда 14 нафар украиналик ҳарбий асирнинг қатл қилиниши, шунингдек, 6 нафари тиббий ёрдам кўрсатилмаганлиги сабабли вафот этиши ҳолатлари ҳужжатлаштирилган. Ҳисоботда айтилишича, 142 нафар украиналик ҳарбий асирнинг 86 фоизи Россия асирлигида қийноқлар ва шафқатсиз муносабатга дуч келганини маълум қилган.
Шу билан бирга, БМТ кузатув миссияси раҳбари Матилда Богнер сўзларига кўра, уруш пайтида украиналик ҳарбий асирларнинг қатл қилиниши бўйича 15 та ҳолат қайд этилган. «Вагнер» ХҲК ушбу қатлларнинг 11 тасини амалга оширди», деди Богнер.
Шунингдек, ҳисоботга кўра, Украина қуролли кучлари вакиллари томонидан тахминан 25 нафар россиялик ҳарбий асир ва жангга лаёқатсиз шахслар қатл этилган. Украина ҳукумати ҳарбий асирларни қатл қилиш билан боғлиқ 25 та ҳолатдан 22 таси бўйича судгача текширувни бошлаган. Аммо терговлар жиноятни содир этганликда гумон қилинаётган шахсларга нисбатан ҳозирча айблов қўйишга олиб келмаган.
ИҲОКБ ҳисоботи 400 нафар ҳарбий асир ўртасида ўтказилган сўровга асосланади, улардан 142 нафари Россия асирлигида бўлган украиналиклар, 258 нафари эса Украина асирлигидан озод қилинган россиялик ҳарбийлардир. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қайд этишича, кузатув миссияси Россияда ва Россия Қуролли кучлари назорати остидаги ҳудудда асирликда сақланаётган украиналик ҳарбийлардан маълумот олиш имконига эга эмас.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)