Хитойнинг Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази олимлари COVID-19 пандемиясининг бошида, яъни 2020 йил январь ойида Уҳан бозоридаги денгиз маҳсулотлари намуналарини ўрганишди.
Аммо тадқиқот натижалари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) талабидан кейин Nature журналида фақат ҳозир эълон қилинмоқда.
Қайд этилишича, хитойлик олимлар ковид билан касалланган дастлабки беморлардан бири Уҳан бозорига борганини аниқлагач, тадқиқотни бошлаган.
Ҳаммаси бўлиб, улар Уҳан денгиз маҳсулотлари ва ҳайвонлар бозоридан олинган 1380 та намунани текширишди. Таҳлил учун атроф-муҳитдан 923 та ва 18 турдаги ҳайвондан 457 та намуна олинди.
Вирус атроф-муҳитдан олинган 73 та намунада аниқланган, бироқ ҳайвонлардан олинган намуналарнинг ҳеч бирида топилмаган. Олимлар тахминига кўра, одамлар вирусни денгиз маҳсулотларидан юқтирган бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, хитойлик тадқиқотчилар ушбу топилмалар коронавируснинг ҳайвондан одамга юқиши натижасида пайдо бўлганини исботлаш учун етарли эмаслигини таъкидламоқда. Олимлар коронавируснинг келиб чиқиши ноаниқлигича қолмоқда деган хулосага борган.
Ғарб олимлари фақат уч йилдан сўнг чоп этилган тадқиқот натижаларини синчиклаб талқин қилишга чақиришди. Улар пандемиянинг дастлабки даврида коронавирус манбасини аниқлаш учун кенгроқ тадқиқотлар ўтказиш зарурлигига ишора қилишди.
ЖССТ олимлари узоқ вақтдан бери коронавирус қаердан келиб чиққанини аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Ташкилот ҳатто ўз мутахассисларини Хитойга юборди, аммо бу ҳеч қандай натижа бермади.
Февраль ойида ЖССТ раҳбарияти коронавируснинг келиб чиқиши бўйича тадқиқотлар боши берк кўчага кириб қолганини тан олди ва Хитойни касаллик, айниқса унинг тарқалишининг дастлабки босқичлари ҳақидаги маълумотларни баҳам кўришга чақирди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)