22:34 / 12.04.2023
235

АҚШ ва Британия Усмоновнинг компанияларига санкция қўллади

АҚШ ва Британия Усмоновнинг компанияларига санкция қўллади

Фото: Олег Яковлев / РБК

Буюк Британия россиялик тадбиркор Алишер Усмоновнинг USM ҳолдингини санкциялар рўйхатига қўшди. «РБК» нашри хабар беришича, санкциялар рўйхатида USM ҳаммуассислари Владимир ва Варвара Скоч ҳам тилга олинган.

USM компаниясига қарши санкциялар изоҳида ҳолдинг Усмоновга тегишли ёки у томонидан назорат қилиниши, «Россия ҳукуматидан имтиёзлар олишда иштирок этиши ёки уни қўллаб-қувватлаши», шунингдек, иқтисодиётнинг стратегик аҳамиятга эга бўлган тармоқларида – қазиб олиш саноати ва рақамли технологиялар секторида бизнес юритиши айтилади.

Бундан ташқари, Алишер Усмоновнинг «МегаФон» ва «Металлоинвест» компаниялари АҚШ санкциялари остида қолди, деб хабар берди BBC. Унинг ўзи ҳам бир йилдан кўпроқ вақтдан бери санкциялар остида эди.

«Металлоинвест» – МДҲ ва Россиядаги энг йирик темир рудаси компанияси, темир рудаси захиралари бўйича жаҳон етакчиси (15 миллиард тоннадан ортиқ), у 100 фоиз USM ҳолдингига тегишли. Forbes маълумотига кўра, асосий таъсисчилар Алишер Усмонов (49 фоиз) ва унинг шериги Андрей Скочнинг оила аъзоларидир.

«Мегафон» телекоммуникация компанияси USM Telecom ҳолдинги таркибига киради.

«Усмоновнинг ихтиёрида офшорда жойлашган корхоналарнинг кенг тармоғи бор ва у ўз оила аъзолари орқали молиявий операцияларни амалга ошириши мумкин, бу эса унга санкцияларни четлаб ўтиш имконини беради», дейилади АҚШ молия вазирлиги баёнотида. АҚШ 2022 йил март ойи бошида Усмоновнинг ўзига қарши санкциялар киритганди.

Алишер Усмонов Forbes нашрининг россиялик миллиардерлари рўйхатида саккизинчи ўринни эгаллайди, унинг бойлиги 14,4 миллиард долларга баҳоланади. У «Коммерсант» газетасига ҳам эгалик қилади. Скоч ва унинг оиласининг бойлиги 7,9 миллиард долларга (20-ўрин) баҳолаган.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг