06:00 / 26.04.2023
1 442

Россия мағлубиятни кўтара олмайди

Россия мағлубиятни кўтара олмайди

Россиянинг Украинага бостириб кирганига 14 ой бўлиб қолди. Уч кун ичида урушни якунлаб, ғалаба паради ўтказиш нияти билан келган рус ҳарбийлари бир йилдан бери уруш қилмоқда.

Ҳар икки томондан ҳам мислсиз йўқотишларга сабаб бўлаётган ушбу урушни тўхтатишга чақириқлар деярли барча минбарлардан янграмоқда. Ҳатто Рим Папаси ҳам урушни шу бугунги аҳволда тўхтатишга чақирди. Аммо Киев бунга рози бўлмаслигини қайта-қайта таъкидламоқда. Ҳозирги шароитда 20 фоиз ҳудуди Россиянинг қўлида қолиб кетиши Украина учун очиқ мағлубиятни билдиради. Яқинда Украинада ўтказилган ижтимоий сўровда украинларнинг 80 фоизга яқини токи руслар оккупация қилган барча украин ерлари қайтиб олинмагунича ватанларини ҳимоя қилишда давом этишларини билдирган.

Шундай бўлсада, расмий Киев Қримдан бошқа барча ҳудудлардан рус аскарлари чиқиб кетса, музокаралар столига ўтиришини билдирган. Ҳатто қон тўкилишини тўхтатиш учун Қрим масаласини вақтинча “музлатиб” қўйишга рози бўлганди бир пайтлар.

Лекин Россия элитаси бунга рози бўлмаяпти. Аввалига бутун Украинани босиб олишни ният қилган рус элитаси энди “юлиб олишга” улгурган украин ҳудудлари чангалида қолишни истаяпти. Гарчи Россия иқтисодиёти урушдаги йўқотишлар ва халқаро ҳамжамият санкциялари остида анча қувватсизланган бўлсада, рус элитаси бу ниятидан қайтгани йўқ.

-  Вазият бундан ҳам оғирлашиши кутилмоқда, дейди кўрсатув эксперти, сиёсатшунос Ҳамид Содиқ. - Аҳоли урушдан чарчаган, руҳий мотивация йўқ, ёшлар ва зиёли қатлам тезроқ Россияни тарк этиш истаги билан яшамоқда. Шунга қарамасдан, Россия урушни давом эттириш истагида собит. Чунки элита мағлубиятни кечирмайди. Ҳатто рус халқи ҳам кечирмайди. Улар “ғалаба” қозониш йўлида ҳатто очарчиликка, камбағалликка, бутун дунёдан изоляцияда яшашга, репрессиялар ва тоталитар тузумга ҳам рози. Лекин мағлубиятни асло кўтара олмайди. Ҳарбийлар ҳам бу мағлубият учун Путинни кечирмайди. Шу боис Путин ҳеч қачон ортга қайтмайди. Ўз мақсадига эришиш учун бор нарсасини урушга сафарбар қилади.

Лекин ҳозирча Россия бу урушда очиқдан-очиқ ютқизяпти. Чунки Путин режими ўз олдига қўйган мақсадларнинг ҳеч бирига эришмади.

Аввало, Путин айтган демилитаризация амалга ошмади. Аксинча, Украинага берилаётган қуроллар сони ва тури кўпайди, Украина замонавий Ғарб қуроллари билан қуролланди. Украин аскарларининг профессионал маҳоратлар ва тажрибаси ошиб бормоқда.

Шунингдек, денацификация ҳам амалга ошмади. Чунки Украинада нациятларнинг ўзи йўқ экан. Бу режа ҳам барбод бўлди.

Бундан ташқари, НАТОни Россия чегараларидан узоқлатиш режаси қўйилганди. Уруш акс таъсир қилди. Ярим асрдан бери Россиядан чўчиб, нейтрал позицияда келаётган Финляндия НАТОнинг 31-аъзосига айланди. НАТО ва Россиянинг умумий чегаралари 2 баробарга ошди. Аввал 1215 километр бўлса, ҳозир 2555 километрга етди.

(Умуман олганда, Путин Россия ҳокимияти тепасига келган 1999 йилда бу чегара 210 километр эди. Путиннинг ҳукмронлиги давридаги яна бир “ютуғи” – бу чегарани 12 бараварга оширди)

Қолаверса, аввал 300 минг кишилик мобилизация эълон қилинган бўлса, энди 400 минг кишини армияга чақириш учун тайёргарлик бошланган. Бу Россия армиясида йўқотишлар ўта юқорилигини англатади, деди сиёсатшунос Ҳамид Содиқ.

Сиёсатшунос Ҳамид Содиқ, шунингдек, Россияда ўлим жазосининг тикланиши халқ аҳволининг оғирлашаётганидан дарак беришини айтди. Нега дейсизми? Унда “Фикрат” таҳлилий кўрсатувининг ушбу сонини youtube.com тармоғида томоша қилинг.


Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг