23:55 / 02.05.2023
135

Украинадаги уруш: АҚШ Россиянинг декабрдан буён йўқотишларини 20 минг кишига баҳолади

Фото: AFP VIA GETTY IMAGES

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши расмийси Жон Кирби Америка разведкасининг махфийлаштирилган маълумотларига таяниб, Украинадаги урушда сўнгги беш ойда 20 мингдан ортиқ россиялик ҳарбийлар ҳалок бўлиб, яна 80 минг нафари яралангани ҳақида хабар берди

Унинг сўзларига кўра, бу йўқотишларнинг салмоқли қисми Бахмут учун жангларда берилган, 2022 йил декабридан буён ҳалок бўлганларнинг ярми эса Донецк областидаги мазкур шаҳар учун жангларга ташланган «Вагнер» ХҲК ёлланма жангчилари бўлган.

Кирбининг баҳолашича, Россиянинг Донбассдаги юришлари муваффақиятсиз якунланган. «Россиянинг Донбассда, асосан Бахмут орқали ҳужум уюштиришга уриниши муваффақиятсизликка учради», деган Оқ уй вакили.

«Бу уринишлар нархи, айниқса Бахмутда шунчаки ниҳоятда юқори бўлди», деган Кирби. У бу ерда отишмалар ва жанглар декабргача ҳам анча вақтдан буён давом этгани ва Россия «ўз ҳарбий захиралари ва қуролли кучларини тугатиб битиргани»ни қайд этган.

«Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, декабрдан буён Россиянинг йўқотишлари 100 мингдан ортиқ кишини ташкил этган, шундан 20 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган. [Қурбонларнинг] қарийб ярми - «вагнерчилар» бўлиб, уларнинг аксари етарли жанговар тажрибага ва жанговар тайёргарликка эга бўлмаган, қандайдир ташкилий ва қўмондонлик тартибисиз Бахмутдаги жангларга ташланган россиялик маҳбуслар эди», деган АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши расмий вакили.

Кирби бундай баҳо қандай маълумотларга асослангани ва қандай метод бўйича тузилганига батафсил тўхталмаган.

У Америка Украинанинг йўқотишларини қандай баҳолашини ҳам очиқламаган. «Улар бу ерда қурбон, Россия эса - агрессор», дея унинг сўзларини келтирган AFP. Мулозимнинг сўзларига кўра, Оқ уй Украина ва унинг армиясининг ҳолатини мураккаблаштирувчи маълумотларни ошкор этмайди.

Апрел ойида матбуотга сиздирилган Пентагон махфий ҳужжатларида 1 март ҳолатига кўра Россиянинг уруш бошидан буён берган йўқотишлари  (ҳалок бўлганлар) 35 мингдан 43,5 минггача баҳоланиши, Украинаники - 16-17 минг экани айтилганди. Бу ҳужжатларнинг ишончлилиги охиригача тасдиқланмаган.

АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларини таҳлил қилиш марказининг Россия дастури директори Майкл Кофман ўз твиттерида фикр билдиришича, Россиянинг йўқотишлари бўйича Кирби томонидан келтирилган рақам «баҳо спектрининг юқори чегараси», унинг қуйи чегараси, катта эҳтимол билан Оқ уй маълумотидаги рақамларнинг 80-85 фоизига тенг бўлади.

Қурбонлар сонини баҳолаш бўйича нималар маълум?

Олга Ившина, BBC рус хизмати

Душанба куни Вашингтонда маълум қилинган тенденцияни биз феврал ойи бошидан буён тасвирлаб келмоқдамиз. Айнан ўшанда BBC «Медиазона» ҳамда кўнгиллилар жамоаси билан ҳамкорликда илк бор йўқотишларнинг кескин кўтарилишини қайд этганди. Тасдиқланган кунлик ўлим ҳолатлари сони 2022 йилнинг ўртача кўрсаткичидан уч, баъзи кунларда эса тўрт баробар ошиб кетганди.

Ўшанда «Вагнер» ХҲК томонидан урушга ёлланган маҳбуслар орасидаги йўқотишлар сони кескин кўтарилиши кузатилганди. Феврал-март ойларида бутун Россия бўйлаб ҳалок бўлган маҳбуслар оммавий кўмилган янги қабристонлар пайдо бўлди. Ҳозирда еттита шундай қабристон аниқланган, уларда 1200 дан ортиқ киши кўмилган. Шу билан бирга, қурбонларнинг кўпчилигининг қариндошлари яқинларининг ўлими ва дафни ҳақида хабардор қилинмаган.

Бизнинг очиқ маълумотлар асосида йиғилган рақамларимиз кўрсатмоқдаки, биз томонимиздан рўйхатга олинган жами ўлим ҳолатларининг 9000 дан ортиғи 2022 йил 1 декабридан кейин рўй берган. Улар орасида 1300 нафардан ортиғи сафарбар қилинганлар ва 2300 дан ортиғи қамоқдан олиб кетилганлар.

Биз ҳамиша таъкидлаймизки, бизнинг рўйхатимиздаги қурбонлар Россияда дафн этилган россиялик ҳарбийларнинг ҳақиқий сонидан камида икки баробар кам бўлиши мумкин. Биз сўнгги 13 ой мобайнида Россиянинг 65 дан ортиқ аҳоли яшаш манзилларидаги вазиятни ўрганган ҳолда шундай хулосага келганмиз.

Шунга кўра, 2022 йил декабридан буён ҳалок бўлган россиялик ҳарбийлар сони чиндан ҳам 20 000 киши атрофида бўлиши мумкин.

Вашингтон ва Лондоннинг баҳоларидан фарқли ўлароқ, бизнинг рўйхатимиз очиқ манбалар асосида юритилади. Биз қайд этган ҳар бир қурбон ҳақида кўплаб қўшимча маълумотларни биламиз: масалан, у айнан қаерда хизмат қилгани, қайси унвонда бўлгани, унинг ёши нечада бўлгани ҳақида. Шунинг учун таҳлилларимизда АҚШ баёнотларида учрамайдиган яна бир қанча муҳим тенденцияларни қайд этганмиз.

Масалан, Украинага босқиндан олдин «тинч аҳоли» бўлиб яшаган ва ишлаган одамлар ҳозирда Россия армиясининг жами йўқотишларининг учдан бир қисмини ташкил этмоқда. Шунингдек, уруш Россия офицерлар корпуси, армия ва Росгвардиянинг энг сараланган бўлинмалари таркибини жиддий даражада ўзгартирган.

Бахмут учун узоқ жанг

Урушга қадар 70 минг киши яшаган Бахмут шаҳри учун жанг 2022 йил ёзидан буён давом этмоқда, сўнгги ойларда Россия кучлари шаҳарни ярим қуршов ҳолатига туширди ва ундаги кварталларнинг катта қисмини эгаллаб олди. Шаҳарда қонли кўча жанглари давом этмоқда, кўплаб бинолар вайрон қилинган.

Бахмут катта қисми аллақачон вайрон қилинган
Фото: AFP VIA GETTY IMAGES

Шу билан бирга, Россия томони Бахмутдаги украин гарнизонини қуршовга тушира олмади - мудофаачилар ҳамон ғарбдаги йўллар орқали Украинанинг асосий ери билан алоқани сақлаб қолмоқда ва ўқ-дори ҳамда қўшимча кучлар етказиб берилмоқда. Шу билан бирга, Бахмут таъминоти амалга оширилаётган бу йўллар мунтазам равишда ўққа тутилмоқда.

Сўнгги ойлар мобайнида ғарбдаги айрим экспертлар Украина раҳбариятининг Бахмутни нима қилиб бўлса ҳам сақлаб қолиш қарори тўғрилигини шубҳа остига олишганди. Уларнинг фикрича, Украина қуролли кучлари бу ҳудудда бўлажак қарши ҳужумда фойдаланиш мумкин бўлган ўқ-дорилар ва шахсий таркибни йўқотмоқда.

Аммо Украина ҳукумати Бахмутни ушлаб туриш муҳимлиги борасида собитқадам, уларнинг позициясига кўра, Россия учун бу шаҳарни эгаллаш Донбасснинг бошқа шаҳарлари, жумладан Словянск ва Краматорск томон юриш қилишга йўл очади.

Шу билан бирга, Бахмутдаги жанглар давом этиши Украина учун фойдали деб ҳисоблайдиган ҳарбий шарҳловчилар ҳам бор - бу РФ армияси ушбу шаҳар учун жангларда ўзининг энг жанговар бўлинмалари ва техникаларини бой бераётгани, бу йўқотишлар украинларникидан кўпроқлиги билан изоҳланади. Бундан ташқари, стратегик нуқтайи назардан муҳимроқ саналган бошқа йўналишларда ҳимояланиш ёки ҳужум қилишда фойдаланиш мумкин бўлган катта кучлар ҳам Бахмут атрофига олиб келинган.

Кирбининг баҳоларига кўра, «алалоқибат, бир неча ойлик жанглар ва бениҳоят оғир йўқотишлардан кейин Россиянинг [Бахмут ҳудудида] олдинга силжишга уринишлари ўзига қарши бўлиб чиқди».

Яна қандай баҳолар бор?

Россиянинг Бахмут ҳудудидаги йўқотишлари бўйича мустақил баҳо бериш жуда қийин. Аммо Украина бош штаби ва ғарблик экспертлар россияликларнинг мазкур участкадаги йўқотишларини минглаб қурбонлар билан баҳолаб келмоқда.

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожин ҳам ўз жангчилари орасидаги йирик йўқотишларни яширмайди; Россиянинг турли бурчакларида пайдо бўлган «Вагнер» қабристонларида юзлаб ёлланма жангчилар кўмилган, лекин бундай қабристонларга компания қариндошларини топа олмаган аъзоларини кўмади.

Расмий статистикага таяниш ҳам имконсиз: Россия ўз йўқотишлари тўғрисида охирги бор ўтган йилнинг сентябрида маълумот берганди. Ўшанда мудофаа вазири Сергей Шойгу Украинада уруш бошланганидан буён россиялик 5937 нафар ҳарбий ҳалок бўлганини тасдиқлаганди. Лекин бу рақамлар ўша вақтдаёқ ҳақиқий рақамлардан анча пасайтириб кўрсатилгани аён эди; шунингдек, унинг бу маълумоти фақат мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларига тааллуқли бўлиши мумкин, лекин урушда бошқа кучишлатар тузилмалар ва норасмий ҳарбий тузилмалар ҳам иштирок этмоқда.

BBC рус хизмати ўз ҳамкорлари билан ўлими очиқ манбаларда тасдиқланган россиялик ҳарбийлар рўйхатини юритиб келади. Нашр бу борадаги сўнгги маълумотни 28 апрел куни эълон қилган: ўшанда рўйхатга 21 700 ном киритилганди. Шундан 2200 нафари кўнгиллилар ва 1312 нафари хусусий ҳарбий компанияга ёлланганлар бўлган. Лекин бу рақамлар қурбонларнинг ҳақиқий сонини акс эттира олмайди.

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украинадаги уруш: АҚШ Россиянинг декабрдан буён йўқотишларини 20 минг кишига баҳолади