17:30 / 05.05.2023
219

Украина дронларни бошқариш бўйича 10 минг операторни тайёрлаган

Фото: mil.in.ua

Украина «Дронлар армияси» ҳукумат дастури доирасида 10 минг нафар учувчисиз учиш аппарати (УУА) операторларини ўқитди. Бу ҳақда мамлакатнинг рақамли трансформациялар вазири Михаил Федоров Украинанинг «Рада» телеканали эфирида гапирди.

Унинг сўзларига кўра, Украинада 20 дан ортиқ УУА операторларини тайёрлаш мактаблари мавжуд.

Дронларни ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш бўйича ҳукуматнинг «Дронлар армияси» лойиҳасини молиялаштириш учун дунёнинг турли мамлакатлари аҳолисидан 325 миллион доллар хайрия йиғилди, дея тушунтирди Федоров.

3 майга ўтар кечаси Россия президентининг Кремлдаги қароргоҳи жойлашган Сенат саройи гумбази устида иккита учувчисиз учиш аппарати портлаб кетди. Россия расмийлари воқеада Украина махсус хизматларини айблади. Кремл матбуот хизмати ҳужумни "режалаштирилган террорчилик ҳаракати ва президентга суиқасд" сифатида баҳолашини айтди. Расмий Киев ҳужумга алоқадорлигини рад этди.

Украина расмийлари Кремлга учувчисиз учоқ ҳужумига буйруқ берган бўлиши даргумон. Бу ҳақда 4 май, пайшанба куни Deutsche Welle нашрига берган интервюсида Европа ташқи алоқалар кенгашининг мудофаа сиёсати ва ҳарбий технологиялар бўйича эксперти Улрике Франке айтиб ўтди.

Франке Қрим кўприги ва Россия ҳудудидаги турли объектларга қилинган ҳужумни эслаб: "Бу турдаги ҳужум Украина ҳақиқатда амалга оширган Россия ҳудудидаги бошқа ҳужумлардан жуда фарқ қилади", деди. Унинг сўзларига кўра, ҳозиргача Украина учувчисиз учоқларининг Россия ҳудудига берган барча зарбалари “аниқ ҳарбий нишонларга қаратилган”, шунинг учун Франке Украинанинг Кремлга ҳужумни инкор этишини ишончли деб ҳисоблайди.

Мутахассис, шунингдек, Россияда мавжуд бўлган Россия ёки Украина кучларининг зарбага алоқадор бўлиши мумкинлигини истисно қилмади, чунки дрон унчалик катта эмас ва сезиларли масофани босиб ўта олмайди. “Эҳтимол, у Украинадан учиб келмаган, балки яқинроқ жойдан учирилган”, деди Франке.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг