Чеченистон раҳбари Рамзон Қодировнинг айтишича, агар «Вагнер» ХҲК раҳбари Евгений Пригожин Бахмутдан жангчиларини олиб чиқса, унинг ўрнини ўз жангчилари билан тўлдиришга тайёр.
Аввалроқ, Пригожин ўқ-дорилар етишмовчилиги сабабли 10 май куни Бахмутдан чиқиб кетиши ҳақида баёнот бериб, таъминотдаги муаммоларда Россия ҳарбий раҳбариятини айблаган эди.
«Агар катта оғам Пригожин ва «Вагнер» кетса, Бош штаб тажрибали жанговар қисмни йўқотади. Унинг ўрнини эса укаси Қодиров ва «Ахмат» эгаллайди. Агар сценарий ҳали ҳам шундай бўлса, жангчиларим олдинга силжишга ва шаҳарни эгаллашга тайёр. Бу бир неча соатлик масала», деб ёзди Қодиров ижтимоий тармоқда.
Шу билан бирга, у шаҳарнинг қолган қисми россиялик ҳарбийларнинг ҳаёти эвазига эмас, балки президент Путиннинг буйруғини бажаришда «ўзаро тушуниш, қўллаб-қувватлаш, қўмондонлик ва жангчиларнинг қатъияти» натижасида олинишини истаётганини айтди.
У Россия мудофаа вазирлиги раҳбарияти ушбу масала бўйича бирор қарор қабул қилиш учун изоҳ бермаётгани ёки «Вагнер» раҳбарияти билан учрашмаслиги «ёқимсиз» эканини қайд этган.
Шунингдек, у Мудофаа вазири Сергей Шойгу ўқ-дорилар билан боғлиқ вазиятни ҳал қилиш бўйича ўзининг чақириғига қулоқ тутишига ва Бош штабга «жойига бориб масалани ҳал қилишига» буйруқ берилишига умид билдирди.
У «Пригожин вагнерчиларнинг Донбассдаги шаҳарларни озод қилишдаги бебаҳо ҳиссаси учун ҳурматга лойиқлиги»ни таъкидлаган. Шунингдек, агар ўқ-дорилар етишмовчилиги бўлса, буни тушунтириш, кўрсатиш лозимлиги, «Вагнер» командирлари шундан келиб чиққан ҳолда, артиллерияга таянмасдан, ўз тактикасига ўзгартириш киритиши мумкинлигини айтган.
Ва шундай қўшимча қилган: «Дарвоқе, жамоатчиликда резонанс уйғотиш учун собиқ қуролдошларнинг жасадларини тасвирга олиш... тўғри эмас. Келинг, бошқа ҳеч қачон бундай қилмайлик...».
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)