АҚШ мудофаа вазирлиги Украинага 1,2 миллиард доллар миқдоридаги янги ҳарбий ёрдам пакетини юбормоқда. Бу ҳақда идора сайтида расман хабар берилди.
Янги пакет доирасида Украина қуролли кучлари учун қуйидагилар етказиб берилади:
- Қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа қуроллари ва ўқ-дорилар;
- Ғарб ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини интеграция қилиш учун асбоб-ускуналар;
- Учувчисиз авиация тизимларига қарши курашиш учун ўқ-дорилар;
- 155-миллиметрли артиллерия снарядлари;
- Сунъий йўлдош тасвирлари хизматлари;
- Ўқитиш ва техник хизмат кўрсатишни қўллаб-қувватлаш.
Пентагон баёнотида қайд этилишича, бу ёрдам пакети «Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббуси» доирасида тақдим этилади. Бу шуни англатадики, қурол ва ўқ-дорилар АҚШ мудофаа вазирлиги захираларидан олинмайди, балки ишлаб чиқарувчилар ёки ҳамкорлардан харид қилинади.
2023 йил апрелида АҚШ икки бор Украинага ҳарбий ёрдам пакетлари ҳақида эълон қилганди — 2,6 миллиард ва 325 миллион долларлик. Бу пакетлар, хусусан, Patriot ва NASAMS ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, HIMARS учун қўшимча ўқ-дорилар, артиллерия снарядлари, АТ-4 танкка қарши тизимлари, танкка қарши миналарни ўз ичига олганди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг