date
views 334

Россияда мигрантлар ва маҳаллий ишчиларнинг маошини тенглаштириш таклиф этилди

Россияда мигрантлар ва маҳаллий ишчиларнинг маошини тенглаштириш таклиф этилди

Фото: AFP

«Справедливая Россия» партияси етакчиси Сергей Миронов Россия бош вазири Михаил Мишустинга мурожаат қилиб, иш берувчиларни меҳнат мигрантларига Россия фуқаролариникидан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи белгилаш мажбуриятини юклашни таклиф этди.

Ушбу меъёр бузилган тақдирда, Миронов иш берувчиларни жаримага тортишни таклиф қилмоқда.

Бундан ташқари, у мигрантлар меҳнатидан фойдаланаётган иш берувчилар учун қўшимча солиқни жорий қилиш, ундан тушган маблағларни кўп болали оилаларга беришни сўраган. Унинг таъкидлашича, иш берувчи ҳар ой «ўзи ёллаган меҳнат мигрантлари даромадининг 2 фоизини солиқ сифатида тўлаши» керак.

Миронов қўшимча солиқ жорий этилганда «иқтисодиётнинг яширин секторини ривожлантириш хавфи борлигини» таъкидлади, шу сабабли муқобил вариантни кўриб чиқишни таклиф қилди: мигрантларнинг ватанига юбориладиган маблағларига 1 фоизлик давлат комиссиясини жорий этиш. Унинг сўзларига кўра, «меҳнат мигрантлари бошқа давлатларга пул юбориш орқали Россия иқтисодий салоҳиятининг заифлашишига ҳисса қўшмоқда».

Миронов, шунингдек, чет эллик ишчилар учун суғурта бадалларини тўламаган иш берувчиларга жарима миқдорини тўланмаган бадалларнинг 20 фоизидан 100 фоизигача оширишни таклиф қилди.

Миронов ушбу таклифларнинг амалга оширилиши демографик пасайиш ва меҳнат миграциясининг ўсиши муаммосини ҳал қилишини таъкидлади. Мироновнинг фикрича, миграция оқимининг ошиши ҳалокатли оқибатларга олиб келади.

«Миграция оқимининг янада кўпайиши ва Россия аҳолисининг янада қисқариши рус халқи учун ҳалокатли оқибатларга олиб келади, у вақт ўтиши билан ўз мақомини йўқотиш хавфи бор», деди Миронов.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россияда мигрантлар ва маҳаллий ишчиларнинг маошини тенглаштириш таклиф этилди