11:50 / 26.05.2023
357

“Путин каби Сталин ҳам украинларни йўқ қилмоқчи бўлган” — Британия Голодомор воқеаси ҳақида

Украинада Голодомор геноцидига бағишлаб ўрнатилган монумент
Фото: Facebook

Британия парламенти Жамоатлар палатаси депутатлари 1930 йиллардаги Голодомор воқеасини Украина халқининг геноциди сифатида тан олиш тўғрисидаги қарорни бир овоздан маъқуллади, деб хабар бермоқда BBC рус хизмати.

Овоз бериш Буюк Британия Консервативлар партияси депутати Паулин Летҳамнинг ташаббуси билан ўтказилган. Унинг сўзларига кўра, ушбу қарор Россия президенти Владимир Путиннинг Украинада олиб бораётган уруши муносабати билан унга юборилган хабарнома бўлиши керак.

Совет Иттифоқи атай очликдан ўлдириш ва мажбуран кўчириш йўли билан миллионлаб украинларни қириб ташлаган, бу Украинадаги бугунги воқеаларни эслатади. 30 йилларда Сталин, худди бугунги Путин каби, украин халқи ва украиналикларнинг ўзига хослигини йўқ қилмоқчи бўлган”, — деди депутат.

Британия парламентининг қарори Россияга бирор бир юридик таъсир ўтказа олмайди, деб эслатди журналистлар.

Голодомор геноцид сифатида

СССРда Сталин ҳукмронлиги даврида амалга оширилган қишлоқ хўжалигини мажбурий коллективлаштириш оқибатида 1932—1933 йилларда мамлакатда оммавий очарчилик юзага келди, унинг қурбонлари миллионлаб одамларга етди. Украина бу фалокат Совет Иттифоқи раҳбарияти томонидан атайлаб қўзғатилганини таъкидлайди.

Голодомор узоқ вақтдан бери Украина ва Россия ўртасидаги асосий баҳс мавзуси бўлиб келган. Москва Киевнинг йирик очарчилик қурбони фақат украиналиклар бўлган деган фикрини рад этиб, Марказий Осиё ва Россиядаги миллионлаб одамлар ҳам очарчиликдан жабр кўрганини айтади.

2006 йилда Украина Олий Радаси Голодоморни Украина халқига қарши геноцид акти деб эълон қилган. Бир неча йиллар давомида Украина расмийлари халқаро майдонда Голодоморни геноцид сифатида расман тан олдиришга уриниб келмоқда. Уруш фонида баъзи давлатлар бу қарорни қўллаб-қувватлади.

Голодоморни Украина халқининг геноциди сифатида расман тан олган давлатлар рўйхатига АҚШ, Канада, Австралия, Португалия, Мексика, Бразилия, Франция, Исландия ва бошқалар киради.


arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » “Путин каби Сталин ҳам украинларни йўқ қилмоқчи бўлган” — Британия Голодомор воқеаси ҳақида