Украинадаги урушнинг 459-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Володимир Зеленский Олий Радага Эронга қарши 50 йил муддатга санкциялар жорий этишни таклиф қилувчи резолюция лойиҳасини тақдим этди. Бу ташаббусга Эрон Россияга ўқ-дорилар ва «Shahed» русумли камикадзе дронлар етказиб бераётгани сабаб бўлди.
- 26 май куни Дниро россияликлар томонидан ўққа тутилиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони тўрт нафарга етди.
- Британия разведкаси ва Америкадаги Урушларни ўрганиш институти (ISW) маълумотига кўра, Россия армияси, катта эҳтимол билан, ҳозиргача Бахмутга олиб келинмаган. Бу позицияларда «Вагнер» жангчилари ўрнини «ДХР» бўлинмалари эгаллай бошлаган.
- Politico нашрининг ёзишича, Греция ва Венгрия ўз компаниялари Россияга қарши янги санкциялар пакетидан чиқариб юборилишини талаб қилмоқда. Санкцияларнинг 11-пакети Москвага санкцияларни айланиб ўтишда ёрдам бераётган ғарб компанияларига қарши чекловларни ҳам ўз ичига олади.
- Белгород области губернатори Вячеслав Гладков регион ўққа тутилиши муаммосини Харкив области қўшиб олиш билан ҳал қилиш мумкинлигини айтди.
- Киев расмийлари маълумотига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари россияликлар 28 майга ўтар кечаси шаҳарга юборган барча 40 дрон уриб туширилган.
Бахмутнинг кўп ойлик отишмалар ва жанглардан кейинги кўриниши
Бахмут учун жанглар 2022 йил ёзида бошланганди. Россия қўшини ойлар давомида шаҳарни қамал қилди — 21 май куни бу йўналишдаги асосий куч саналган «Вагнер» ХҲК раҳбари Евгений Пригожин Бахмут тўлиғича РФ назоратига ўтганини эълон қилди. Украина томони буни рад этди, шаҳар чеккаларида ва унинг атрофида тўқнашувлар ҳамон давом этаётганини маълум қилди. Шунингдек, Пригожин ўз бўлинмаларини Бахмутдан олиб кетишини айтган (ёлланма жангчилар 1 июнга қадар шаҳарни тарк этиши режалаштирилган) — уларнинг ўрнига РФ мунтазам армияси қисмлари келтирилади.
Кенг кўламли босқинга қадар шаҳарда 70 минг киши яшаган — 2023 йил мартида Украина вице-премьери Ирина Верешчук Бахмутда 4 мингдан камроқ киши қолганини айтди. Маҳаллий маъмуриятнинг 2023 йил бошидаги маълумотига кўра, қамал давом этган ойлар мобайнида Бахмутдаги биноларнинг 60 фоизи вайрон бўлганди, май ойига келиб эса — шаҳарда бутун бино қолмади.
«Бу фожиа. У ерда ҳеч нарса қолмаган», — деганди Володимир Зеленский 21 май куни Япониядаги G7 саммитида ва қўшимча қилганди: «Бахмут ҳозир фақат бизнинг қалбларимизда қолган».



Киевга дронларнинг тунги ҳужуми оқибатлари
28 майга ўтар кечаси Россия қўшини Киевга учувчисиз учар қурилмалар орқали ҳужум қилди — шаҳар расмийлари бу ҳужумни Россиянинг Украинага босқини бошланганидан буён кузатилган «энг кенг кўламлиси» деб атади. Украина қуролли кучларига кўра, 50 дан ортиқ дронлар уриб туширилган. Улардан бирининг парчаси Киев марказидаги Печерск районида тўққиз қаватли уй томига тушиб, ёнғин бошланган. Шаҳарнинг жануби-ғарбидаги Голосеевский районида дрон автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасига келиб урилган — бир киши ҳалок бўлиб, уч киши яраланган. Қуйида ҳужум оқибатлари акс этган суратлар.

Фото: Украина ФВДХ

Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA

Vasilisa Stepanenko / AP / Scanpix / LETA

Roman Pilipey / Getty Images

Vasilisa Stepanenko / AP / Scanpix / LETA
Украина ҚК жангчилари фронтга жўнаб кетишдан олдин Краматорск вокзалида

