11:44 / 06.06.2023
365

Афғонистонда гиёҳвандлик билан боғлиқ ҳозирги вазият қандай?

Фото: Hasht-e Subh Daily

Афғонистоннинг Балх вилояти Мозори Шариф шаҳрида гиёҳвандлар сони аввалгига нисбатан анча камайди, аҳоли шаҳар бўйлаб бемалол ҳаракатланмоқда. “Дарё” мухбири гиёҳвандлар билан боғлиқ вазият юзасидан шаҳар аҳолиси билан суҳбатлашди.

Аҳолига кўра, гиёҳвандларнинг йўлларда бўлиши болаларга салбий таъсир кўрсатган, ижтимоий муаммоларни келтириб чиқарган. Бироқ сўнгги кунларда шаҳарда уларнинг сони сезиларли даражада камайган.

“Аввал сиз шаҳарга борганингизда, ҳар бир бурчакда ўнлаб гиёҳвандлар ухлаб ётгани ёки наркотик чекаётганини кўрардингиз, ҳозир эса Мозори Шариф шаҳрида гиёҳвандлар кўринмайди ва қаерда эканликларини ҳам билмайман”, — дейди шаҳардаги сотувчилардан бири Тож Муҳаммад.

Савдогар қашшоқлик, ишсизлик, саводсизлик ва гиёҳванд моддаларни осон сотиб олишни наркоманларнинг кўпайишига сабаб қилиб кўрсатди.

“Яна бир сабаб шундаки, одамлар гиёҳвандликка жуда осон одатланиб қолишади”, — деди у.

Мозори Шарифда яшовчи яна бир эркак Қори Абдул Ҳакимга кўра, гиёҳвандларни даволаш учун шаҳарда марказлар ташкил этилган. Бу яхши ҳаракат ва ҳукумат шаҳарда гиёҳванд моддаларни сотиш ва тарқатишнинг олдини олиши керак.

“Шаҳарда гиёҳвандлар кўп бўларди, одамлар қўрқарди, айниқса, аёллар, болалар”, — деди Ҳаким.

Балх хавфсизлик расмийлари айни дамда 1800 дан ортиқ гиёҳвандлар даволаш марказларига ётқизилганини маълум қилган. Даволанишдан кейин улар ишлашлари учун касбларга ўргатилади. Гиёҳвандликка чалинганлар йиғилиб, уч гуруҳга бўлинади, улар 45 кундан олти ойгача даволанади.

Сўнгги ўн ой ичида беш мингга яқин гиёҳванд моддаларни истеъмол қилган шахслар марказларда даволаниб, оилаларига топширилган.

Илгари Кобул шаҳридаги аҳвол Мозори Шарифдан ҳам баттар бўлган, гиёҳвандлар учун энг машҳур жой бўлган Кобулнинг Пули сухта кўприги ҳозир Хушбахти кўприги деб аталади, чунки ҳозирда бу кўприк остида бирорта ҳам гиёҳванд йўқ.

Фото: Hasht-e Subh Daily

“Толибон” етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода ўз фармонида кўкнори етиштиришни мутлақо тақиқлаганди. Тегишли буйруқда қоидабузарларга шариат асосида чора кўрилиб, ҳосили нобуд бўлиши айтилган.

“Толибон” етакчиси Афғонистон бўйлаб вино, героин, таблеткалар ва гашиш каби ҳар қандай гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқаришни, сотиб олиш ва сотишни, импорт ва экспортини тақиқлаган. Буйруққа бўйсунмаслик таъқиб ва ​​жазога олиб келади.

Афғонистон Ички ишлар вазирлигининг гиёҳвандликка қарши кураш бошқармаси мамлакатда ҳеч кимга гиёҳванд моддаларни етиштириш ва олиб ўтишга рухсат берилмаганини айтди. Идора раҳбари Ҳасибулла Аҳмадийнинг қўшимча қилишича, “Толибон” ҳукумати наркотикларга қарши курашга содиқдир ва улар ҳозиргача етти мингдан ортиқ гумондорни қўлга олган ва Афғонистонда 9 минг гектарга яқин ер кўкнори етиштиришдан тозаланган.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Афғонистонда гиёҳвандлик билан боғлиқ ҳозирги вазият қандай?
ePN