15:04 / 09.06.2023
312

Вагнерчилар асир олган подполковник уларни аскарларни ўғирлаш ва қийноққа солишда айблади

Фото: «Груз 400» телеграм-канали видеосидан скриншот / Медиазона

5 июн куни «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожиннинг матбуот хизмати ёлланма жангчилар Россия армияси подполковниги Роман Веневитинни «тергов ўтказиш учун ҳибсга олгани»ни маълум қилганди. Пригожиннинг таъкидлашича, Веневитиннинг қўл остидаги аскарлар «Вагнер» чекинадиган ҳудудларни миналаган ва ёлланма жангчилар буни тўхтатишни талаб қилганда, уларга қарата ўт очган.

Пригожиннинг матбуот хизмати шунингдек, «асир» Веневитин ҳақиқатан ҳам йўлларни миналашни буюргани ва буни «шахсий адоват» билан изоҳлаганини айтган видеони ҳам тармоққа жойлаштирди.

Веневитин бу айбловларга жавоб берди. 8 июн куни эрталаб подполковник ўзининг 11 дақиқалик видеомурожаатини эълон қилди. Унда у ёлланма жангчиларнинг Россия армияси аскарларини доимий равишда ўғирлаб кетиши, уларни ўлим билан қўрқитиши, шунингдек, ўзини ҳам асирликка олингандан кейин қийноққа солганини гапириб берган.

Подполковникнинг мурожаати «Груз 400» телеграм-каналида эълон қилинди. «Медиазона» нашри рус армияси ҳарбийсининг «Вагнер» билан душманлик ҳақидаги биринчи оммавий изоҳи стенограммасини тақдим этди.

«Хайрли кун. Менинг исмим Роман Геннадьевич Веневитин, мен Россия Федерацияси қуролли кучларининг подполковниги, 72-бригаданинг собиқ командириман. Ушбу мурожаатда мен «Вагнер» билан муносабатларим ҳақидаги шов-шувли видео бўйича ўз нуқтайи назаримни билдирмоқчиман.

Менда «Вагнер»га нисбатан ҳақиқатан ҳам шахсий адоват борлиги ҳақидаги саволга шундай жавоб бераман... Мен ва менинг бригадамнинг вагнерчилар билан душманлиги Артемовск (Бахмут) йўналишига ташланишимизнинг дастлабки кунларидан бошланган. Бу нафақат, вагнерчиларнинг аскарларимизга ўзларининг қўпол хатти-ҳаракатларини кўрсатиши ва доимий равишда қийнаш, ўлдириш билан таҳдид қилиши, балки аниқ ҳаракатлар билан можарога тортишга уриниши билан боғлиқ эди.

Масалан, «Вагнер» жангчилари бизнинг иккита Т-80 танкимиз, тўртта артиллерия қуроли, КАМАЗ ва ​​пиёда жанговар машинамизни ўғирлаб кетди. Ва ҳозиргача бу машиналар мудофаа вазирлигига қайтарилмаган. «Вагнер» уларни ҳарби ўлжа деб ҳисоблайди.

Масалан, вагнерчилар радиоэлектрон кураш ротасининг аскарларига нисбатан жисмоний таҳдид қилган ҳолат ҳам бўлганди. Ўшанда улар аскарларни ўраб олган ва фақатгина вагнерчилар хоҳлаган тарзда ишламагани учун аскарларни йўқ қилишни ваъда қилган. Шунингдек, аскарларимизни ўғирлаш, уларга нисбатан жисмоний қийноқ, шаъни ва қадр-қимматини камситувчи усулларни қўллаш ҳолатлари ҳам содир бўлди. Мисол учун, бизнинг батальонларимиздан бирининг старшинасини ўғирлаб кетишди. Уни шафқатсиз қийноққа солишган, ертўлада совуқ полда сақлашган, кўзига кислота ва ҳар хил кимёвий моддаларни сепишган, шундан сўнг у вақтинча кўриш қобилиятини йўқотган. Ҳатто унга бензин сепиб, зажигалка олиб келиб, ёқиб юбормоқчи бўлишган.

Бундан ташқари, улар гаубица дивизияси штаб бошлиғини ҳам ўғирлаб кетган. Мен калтакланган, машинага ортилиб, жанговар ҳаракатлар кетаётган аҳоли пунктларидан бирига қўллари боғланган ҳолда ташлаб кетилган бу одамнинг исмини айтмайман. Бу ҳолатларнинг барчаси бўйича аскарлар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари бор, уларнинг баъзиларини кейинроқ ўз баёнотим билан бирга эълон қиламан.

2023 йил апрел-май ойларида мен жавобгар бўлган участкадаги бўлинмалар қўшни бўлинмалардан бирининг аскари вагнерчилар томонидан калтаклангани ва таҳқирлангани, шундан сўнг у умидсизликдан ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги даҳшатли воқеани муҳокама қилди.

Аскарлар ўғирлаб кетилган ва уларни танкка қарши бошқариладиган ракета ҳамда ўқ-дориларга алмаштиришга уриниш ҳолатлари ҳам бўлган. Асирликка олинган аскарлар «икки юзинчи» (ўликлар) ва «уч юзинчи»ларни (ярадорлар) сақлаш билан шуғулланишга мажбур қилинган — яъни улар худди қуллар каби ишлатилган.

Менинг аскарларимни олиб кетиб, «Вагнер» билан шартнома имзолашга мажбурлашган ва шу билан Бахмут қанотлари ва менинг мудофаа линиямни заифлаштириш ҳолатлари ҳам бўлди. Бундай ҳолатлар бўлган ва улар ҳужжатлаштирилган.

Сиз нима деб ўйлайсиз, менда «Вагнер»га нисбатан шахсий адоват ҳисси бўлиши мумкинми? Бахмут қанотлари мудофаасини ўзингиз заифлаштириб, бу билан бир вақтда оммавий ахборот воситаларида мудофаа вазирлиги уларни ушлаб тура олмаслигини эълон қилганингизда нимага эришдингиз? Юқорида санаб ўтилган ҳаракатларни қандай тавсифлаш мумкин?

Ўзаро муносабатларимизда бизнинг тиббий ва артиллерия бўлинмаларимиз биргаликда яхши ишлаган, ярадорлар ва артиллериячиларни олиб чиқиб, сизга ҳам, бизга ҳам ёрдам берган ёрқин нуқталар ҳам бўлди.

Менинг асирга олинишим қандай содир бўлди? Мен бригада командири сифатида, ўз бўлинмаларим, олдинги чизиқни текшириш учун чиқдим. «Вагнер» ходимлари менинг йўлимни тўсди. Бунинг учун ҳеч қандай ҳуқуқий ва бошқа асослар йўқ эди. Мен жанговар офицер сифатида бунга тоқат қилолмасдим. Менинг хусусий ҳарбий компаниялар билан ҳеч қандай алоқам йўқ ва мен уларга бўйсунмайман. Мен ўз командирим — учинчи армия корпуси командири ва қўшин қўмондонига бўйсунаман.

Натижада, «Вагнер» ходимлари қуролсизлантирилди ва ҳаммага маълум жойга юборилди ... Хуллас, улар Н***Йга жўнатилди. Бошқача бўлишини кутиш ғалати бўлар эди, чунки биз «Вагнер» эмас, балки менинг бригадам ва менинг жавобгарлик зонамда эдик.

Кейинчалик улар мени асирга олишди, ертўлада сақлашди ва ҳар қандай ғазабланган рус аскари Украина қуролли кучларининг асирга олинган аскарини бунчалик масхара қилмайдиган даражада масхара қилишди. Мени калтаклашди, ухлашга қўйишмади, кечаси уч марта ертўладан судраб чиқиб, отиб ташлашга ҳаракат қилишди. Ва сиз шундан кейин мен тергов ҳаракатлари учун ҳибсга олинганимни эълон қиласизми?

Менинг сўроқ жараёним акс этган видео — бу фақат босим натижасидир. Бу ерда қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим: биринчидан, «Вагнер»нинг менга нисбатан қилган ҳаракатлари қонун доирасидан бутунлай ташқарида. Компанияга ҳурмат сақлаган ҳолда шуни айтиш керакки, уларда ҳеч қандай ваколат йўқ. Иккинчидан, менга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилгани сабаб менда контузия бор эди, нутқимдаги узилишлар ва ҳоказолар шунинг оқибати, буни тиббий ҳужжатлар тасдиқлайди. Учинчидан, сиз ва мен биламизки, сизда мен қийноққа солинганим ва таҳқирланганимни тасдиқловчи видео бор.

72-бригада «Вагнер»нинг орқа томонини миналагани ҳақидаги масалага келсак. Биринчидан, бу ҳудуд «Вагнер»нинг орқа қисми эмас, 72-бригаданинг жавобгарлик зонаси. Ушбу баёнот «Вагнер» пиар-хизматининг шикастланган онги маҳсули ҳамда Украина қуролли кучларининг кенг кўламли ҳужуми бошланган куни мудофаа вазирлиги раҳбариятига арзон ва бемаъни ахборот ҳужуми уюштиришга уринишидир. Айтиш мумкинки, бу баёнот билан сиз нафақат Бош штабга мағзава ағдардингиз, балки душман билан очиқчасига ҳамкорлик қилдингиз.

Яна бир бор қайтараман: «Вагнер»нинг орқа томонини миналаш – бўлмаган гап, чунки «Вагнер»нинг орқа районлари йўқ. Балки 72-бригаданинг ичкари ҳудудлари бор.

Мен фронтдаги вазият ҳақида ҳам гапирмоқчиман. Евгений Викторович, сиз Россия Федерацияси қуролли кучларини фаол равишда обрўсизлантиряпсиз, ва бу орқали «Вагнер»ни ушбу урушдаги ягона самарали тузилма ва ҳарбий корпус сифатида кўрсатишга ҳаракат қиляпсиз. Аммо менда бир савол бор: агар кенг фронтда шартнома асосидаги аскарлар, кўнгиллилар, «Барс», «ахматовчилар» ва ички қўшинлар жанг қилмаганида сиз Попасная, Соледар, ва Бахмутни эгаллай олармидингиз? Ўшанда сизда сиёсий пиар учун асос бўлармиди?

Шунингдек, мунтазам армиянинг Бахмут қанотларидан чекиниши ҳақидаги кўплаб баёнотлар ҳақида ҳам гапирмоқчиман. Агар ўз манёврлари, фронтнинг баъзи қисмларини тарк этиши ҳақида бир-бирига хабар беришни зарур деб ҳисобламайдиган «Вагнер» бўлинмалари ва мунтазам армия бўлинмалари ўртасида ишчи алоқалар мавжуд бўлганда, бу урушда қурбонлар камроқ, босиб олинган ҳудудлар кўпроқ бўларди.

Шунга қарамай, 72-бригада ўз позициясини сақлаб қолди ва ҳозир ҳам сақлаб турибди. Жумладан, Бошқирдистон батальони ҳозир фронтнинг 20 километрини ушлаб турибди ва уларнинг қаршисида шиддатли, телбанамо «азовчилар» турибди. Ва бутун бригада ўз жойида қолмоқда.

Хулоса сифатида шуни айтмоқчиманки, бу видеомурожаат ҳеч ким томонидан буюрилмаган. Мен ўз ҳаракатларим учун тўлиқ жавоб бераман. Мен «Вагнер»нинг мени ўлдириш ёки қамоққа ташлаш ҳақидаги таҳдидларидан қўрқмайман. Бундан ташқари, мен ўзимнинг юқори раҳбариятимдан ҳеч қандай ёрдам кутмайман. Евгений Пригожин украиналиклар учун биринчи бўлиб кулбадан ифлос чойшабни олиб чиқди ва фронтдаги, ҳақиқий эркаклар ўртасидаги ўзаро қарама-қаршиликлардан сиёсий шоу уюштирди, шунинг учун менинг вазият бўйича ўз гувоҳлигимни билдиришга тўлиқ ҳаққим бор.

Мен рус офицери, подполковникман ва энди аллақачон 72-алоҳида бригаданинг собиқ командириман. Болалигимдан бери бутун ҳаётим ҳарбий ишлар билан боғлиқ. Мен офицер оиласида туғилганман, Қозондаги Суворов ҳарбий мактабини, Қозон танк мактабини, Фрунзе номидаги академияни тамомлаганман. Мен Чеченистон ва Суриядаги жанговар ҳаракатлар иштирокчисиман. Россия Федерацияси манфаатлари ва мудофааси учун берилган жанговар топшириқларни ҳар доим бажарганман. Барча рус офицерлари сингари, мен ҳам махсус ҳарбий операцияни ўтказишни қўллаб-қувватладим ва ўзим ишловчи 72-мотоўқчилар бригадасига раҳбарлик қилиш буйруғини олдим. Мен аскарларим ва кўнгиллиларим билан Херсон областида, «ДХР» ва «ЛХР»да жанг қилдим. Ва бу вақт давомида бизнинг бригада тер ва қон билан ўз ҳарбий бурчни муносиб даражада бажарди. Ўзим ҳам давлатим ва ватанимга хизмат қилишда давом этаман.

«Вагнер» фронтда уюштираётган анархизм президентимизни кучайтириш ўрнига уни заифлаштиришга ҳаракат қилаётган сиёсий элита ўйини натижасидир. Ишончим комилки, бу вақтинчалик ҳолат. Давлатнинг мустаҳкамланиши билан махновшчина («Эркин ҳудуд», 1918-1921 йиллардаги Украина фуқаролик уруши давридаги ҳудудий эркин тузилма) тезда йўқ қилинади ва беқарор дала қўмондонлари йўқликка маҳкум бўлади. Россия ушбу урушда Украина ва НАТО устидан ғалаба қозонади. Бизда бошқа йўл бўлмайди, лекин бу битта хусусий, сеҳрли, замонавий, хусусий ҳарбий компания сабаб эмас, балки Россия Федерацияси президенти ва Россия Федерацияси қуролли кучлари ҳамда бутун жамият бирдамлиги туфайли содир бўлади.

Россия армияси минглаб кўнгиллилар ва замонавий қуроллар билан тўлдирилишда давом этмоқда. Биз ҳали Ғарб давлатлари коалициясини ўз қарорларидан пушаймон бўлишга мажбур қиламиз ва бу шоқолларнинг қочишини томоша қиламиз».

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Вагнерчилар асир олган подполковник уларни аскарларни ўғирлаш ва қийноққа солишда айблади
ePN