Бу тадбиркорларнинг исмлари ва уларнинг компаниялари ҳақида яхши биласиз, лекин улар дунёдаги энг бой одамлар бўлишдан олдин кўп хатоларга йўл қўйган ва муваффақиятсизликка учраган.
Жефф Безос
Электрон тижорат бозоридаги гигант — Amazon асосчиси Безоснинг фикрича, бизнесмен омадсизликлардан энг муҳим сабоқларни олади. Компания тарихида иккита катта муваффақиятсизлик бўлган.
Миллиардлаб доллар даромад келтирган муваффақиятсизлик
1990 йилларнинг охирида Amazon кимошди савдоси каби харидор ўз нархини таклиф қилиши мумкин бўлган платформа яратиб, aBay билан рақобатлашишга уриниб кўради. Безос тан олганидек, Amazon Ауctions “яхши натижа бермайди”. Бу янгилик Amazon’нинг асосий афзаллиги — мижознинг керакли маҳсулотни топиш ва унинг учун белгиланган паст нархни тўлаш қобилиятига зид эди. Бироқ бу омадсизлик учинчи томон сотувчиларга сайтда савдо қилишига рухсат бериш ҳақидаги ғояга туртки бўлади. Шу тариқа ҳозирда компанияга миллиардлаб доллар олиб келадиган муваффақиятли Amazon Marketplace электрон тижорат платформаси яратилади.
Келажакда хатоларни ҳисобга олишга ёрдам берган омадсиз маҳсулот
Amazon’нинг иккинчи муваффақиятсизлиги 2014 йилда Безос томонидан тақдим этилган Fire Phone смартфони бўлади. Fire Phone Amazon’нинг омадсизликка учраган энг катта маҳсулотларидан бири бўлса-да, бу каби муваффақиятсизликлар бизнеснинг бир қисми ҳисобланади. Натижада Alexa виртуал ёрдамчисини ишлаб чиқишда ушбу лойиҳада қилинган хатолар ҳисобга олинади.
Ларри Эллисон
Эллисон — бизнес учун дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи дунёдаги энг йирик Oracle компанияси асосчиси. Бўлажак тадбиркор учун болалик ва ўсмирлик даври осон кечмайди: Ларри гўдаклигида оғир касал бўлиб, қариндошлари томонидан тарбияланган, университетга икки марта кириб, икки марта ташлаб кетган. У ўқиш ўрнига хусусий компанияларда ишлаб чиқарувчи мутахассис сифатида ишлайди ва ўшанда ҳам у бировнинг қўлида ишлашдан кўра кўпроқ нарсага қодир эканлигини тушунади. 70 йилларнинг охирида у бир нечта ҳамфикрлар билан биргаликда ҳозирги кунда Oracle номи билан дунёга машҳур компанияга асос солади.
Бухгалтерия ҳисобига бепарволик ва йўқотишлар
Oracle дастлабки йилларда юқори тижорий натижаларни кўрсатади, масалан, 1986 йилдан 1990 йилгача унинг товар айланмаси 10 баробарга ошади. Бироқ 1990 йилда компания ўз тарихидаги биринчи йиллик зарарни қайд этади. Инқироз молиявий масалаларни яхши билмаслик ва бепарволик туфайли юзага келган. Кейинчалик Эллисон бухгалтерия ҳисобига бепарволик қилиб, даҳшатли бизнес хатога йўл қўйганини тан олади.
Хатолар устида ишлаш
Ушбу хатолардан муҳим сабоқлар олинади, Эллисон ёш менежерларни тажрибалироқлари билан алмаштиради, мижозларга нисбатан ҳаддан ташқари сахийликни тўхтатади, шунингдек, қарздорлардан қарзларини ундиришни буюради. Бир неча йил ўтгач, Oracle ўсишда давом этади. Ҳозирги вақтда Oracle дунёдаги иккинчи йирик дастурий таъминот ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади (Microsoft’дан кейин).
Билл Гейтс
Бу бизнесмен ўзининг муваффақиятли Microsoft компанияси билан машҳур, аммо бу унинг биринчи лойиҳаси эмас.
Талабаликдаги биринчи тажриба
Гарвард талабаси сифатида Билл Гейтс ҳамфикрлари билан биргаликда Traf-о-data IT-компаниясини яратади, у магистралларда ҳаракатланишни ҳисобга олиш ва муҳандисларга маълумот узатиш учун мўлжалланган. Дастурнинг мақсади тирбандликни камайтиришга ёрдам бериш эди, аммо доимий носозликлар уни муваффақиятли амалга оширишга тўсқинлик қилади.
Глобал корпорацияга айланган муваффақиятсиз лойиҳа
Кейинчалик Гейтснинг ўзи бу бизнес бир оз фойда келтирган бўлса-да, умуман олганда омадсиз бўлганини ва дастур ёмон ишланганини тан олади. Ҳатто бошқаларни синдириши мумкин бўлган нарса Гейтс учун унга анча кучли ташкилот — Microsoft’ни яратишда ёрдам берган қимматли тажриба эди.
Шуни таъкидлаш керакки, Гейтс томонидан яратилган Microsoft лойиҳаларининг ҳаммаси ҳам муваффақиятли бўлмаган. Аммо бизнесдаги хатолар туфайли Билл Гейтс муваффақиятга эришди — энди у дунёдаги энг бой одамлардан бири.
Жефф Безос, Ларри Эллисон, Билл Гейтс, Миллиардер “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг