Украина Россияни ўз ҳудудидан ҳайдаб чиқариш учун қанча керак бўлса, шунча қарши ҳужумни амалга оширади. Бу ҳақда Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба айтиб ўтди.
Журналист Кулебага Американинг Abrams танклари ушбу қарши ҳужум кампаниясида иштирок этадими, деган саволни берди.
«Умид бор, лекин биз фақат бу қарши ҳужум ҳақида ўйламаслигимиз керак. Мен шериклар билан мулоқотда буни доимо таъкидлайман: биз бу қарши ҳужумга охирги ва ҳал қилувчи ҳужум сифатида қарамаслигимиз керак. Россияни ҳайдаб чиқариш учун қанча керак бўлса, шунча қарши ҳужум бўлади», деди у.
Кулебанинг таъкидлашича, баъзи техникалар ҳамкорлардан энди етиб келмоқда, баъзилари етказиб бериш «жараёнида».
«Шунинг учун биз ҳозир ишлаяпмиз, лекин шуни ёдда тутамизки, кейинги ҳужумлар учун танклар, бронетранспортёрлар ва бошқа техникалар ҳам керак бўлади. Агар биз бу қарши ҳужумда Украинани озод қилсак, Худога шукрона келтирамиз, барчага раҳмат айтамиз. Аммо уруш шундай нарсаки, икки-уч қадам олдинга ўйлаш керак», деди Кулеба.
Шунингдек, у агар Украина қарши ҳужумда муваффақиятга эришмаса, ҳамкорлар ҳарбий ёрдамни тўхтатишга ишора қилмаганини таъкидлади.
«Аммо ҳар бир мамлакатда қийинчилик бор: қаердадир сайловлар яқинлашмоқда, қаердадир омборларда Украинага берилиши керак бўлган бомбалар тугаб қолган, заводларда эса янгисини ишлаб чиқаришга улгурмаяпти», деди Кулеба.
Россия билан музокараларга ундаш бўйича босим ҳақидаги саволга жавоб бераркан, Кулеба Россия қўшинлари Украина ҳудудидан олиб чиқиб кетилганидан кейин музокаралар олиб бориш мумкинлигини таъкидлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!