date
views 783

Пригожиннинг нияти нима, оқибатлари қандай бўлади?

Пригожиннинг нияти нима, оқибатлари қандай бўлади?

Бошланганига 1 йил-у 4 ой бўлган Украина уруши дунё ҳамжамияти учун стандартлашиб, кундалик одатий ҳолга айланиб қолди. Охирги вақтларда урушнинг бориши ҳақида Россия тарафидан энг кўп янгиликлар бериб турган одам Евгений Пригожин бўлди.

Евгений Пригожин – “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясининг (ҲҲК) асосчиси ва бошлиғи, 1961 йилда туғилган. У “Вагнер” ҲҲКга 2013 йилда асос солган. 2016 йилда “Вагнер” аскарлари сони минг киши атрофида бўлгани айтилса, 2017 йилга келиб уларнинг сони 6 минг кишига етган.

Украина уруши вақтида эса, “Вагнер” таркибидаги қўшинлар сони 50 мингга етди. АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Украина урушида “Вагнер”нинг 30 минг атрофидаги аскарлари ўлган ва яраланган.

Шу кунларда Пригожин, бирданига иккита катта янгилик қилди. Биринчидан, у ярим соатлик чиқиш қилиб, Украина уруши бўйича ўз қарашларини билдирди.

Пригожинга кўра:

  • 2014-22 йиллар давомида Россия томонидан Донбассга ажратилган барча маблағлар еб кетилган;
  • 2022 йил 24 февралда Украинага бостириб киришдан олдин, Украина тарафидан Россияга ҳеч қандай таҳдид йўқ эди;
  • Зеленский ҳокимиятга келганда, у Россия билан келишув таклиф қилди. Лекин Кремль кибрга берилиб, бу келишувга бормади. Келишиш керак эди;
  • Нима учун уруш керак бўлиб қолди? Бу урушнинг мақсади – Украинани нацистлардан тозалаш ва ҳарбий қудратини йўқотиш эмасди. Бу уруш, Пригожиннинг сўзларига кўра “бир ховуч махлуқларнинг дунё ҳамжамияти олдида пиар қилиши учун, ҳарбий қудрати билан мақтаниши учун керак бўлди холос”.

Бу баёнот ортидан Пригожин ўзининг “Вагнер” қўшинлари билан Россия армиясига қарши юриш бошлагани маълум бўлди. Ҳарбий компания Ростов шаҳридаги баъзи давлат объектларини қўлга киритган, Россия армиясининг баъзи офицерлари у билан алоқада бўлиб турибди.

Пригожин – таъбир қилиб бўлмайдиган шахс. Лекин унинг бу хатти-харакатлари – бош кўтаришни, исъённи, инқилобни эслатади. Пригожин пиар технологияларини жуда яхши билади. Унинг “Вагнер” ҳарбий компаниясидан ташқари, троллар фабрикаси, пиар билан шуғилланадиган хусусий лойиҳалари ҳам бор.

Пригожин Украина урушида Путин учун катта жасоратлар кўрсатди. Россия армияси қўшин тўплаш билан банд бўлиб турган бир пайтда, “Вагнер” ҲҲК Бахмутда жуда оғир уруш олиб борди. Пригожин кўп марта ўлган солдатлари фонида Россия мудофаа вазири Шойгу ва бош штаб бошлиғи Герасимовга қарши қаҳр-ғазабли баёнотлар берди.

Пригожин, ўзининг чиқишлари ва хатти-ҳаракатлари билан, Россия пропагандасининг энг асосий қарашларини чиппакка чиқарди. Пропаганда “Украина бизга қарши ҳужум қилмоқчи эди” деган бўлса, Пригожин “Украинадан бизга реал таҳдид йўқ эди” деди.

Шунингдек, Пригожин бутун Россия элитасини ўзига қарши қўйиб бўлди. Лекин, Россия халқи кўз ўнгида “халқ дардини айтаётган” ягона сиёсатчи сифатида кўрила бошлади. Чунки Украинадаги уруш борасида Россия истеблишментида ҳеч ким Пригожин каби танқидий ва кескин баёнотлар бермади. Россия парламенти, партиялари ва депутатлари – ҳаммаси жим. Мухолифат Россиядан ташқарига чиқиб кетиб бўлди. Мана шу фонда, Пригожиннинг Кремл пропагандаси ва ишларига қарши чиқиши – унинг ва-банк ўйин бошлаганини билдиради.

Пригожин олдида танлов турибди. Агар у ҳеч нарса қилмаса, бир кун келиб, уни Кремлга яқин ҳарбийлар ва сиёсатчилар йўқотишади. Лекин, агар у ҳарбий ва информацион операция бошлаб, қандайдир натижага эришса, унинг яшаб қолиш имкониятлари оз бўлса-да кўпаяди.

Шунинг учун ҳам, Пригожин янги ўйин бошлади. У ташаббусни қўлга олди. Россия армияси ва сиёсий элитасига қарши, бош кўтарди. Пригожиннинг бу қадамлари – Россияда фуқаролик уруши хавфи борлигини кўрсатади. Россия жамияти бўлинган, сиёсий элитада ҳам бўлиниш очиқ бўлиб бормоқда. Украина уруши Россия учун тез ва ғалаба билан якунланмади. Чўзилган урушга айланиб бўлди. Уруш бошида Украина тезда мағлуб бўлмаслик чораларини излаган эди. Бугун – мутлақ тескариси. Россия урушни чўзиш ва ёруғ юз билан урушдан чиқишни ўйлаяпти.

Пригожин исёни муваффақиятли бўлиш эҳтимоли кам. У РФ Мудофаа вазирлигини қўлга кирита олмайди. Лекин, Пригожиннинг бу исёни, Москвадаги сиёсий инқироз нақадар чуқурлигини кўрсатади. Ҳар сафар, Россия ҳокимияти урушда енга олмаса, бу ҳокимият кўп ўтмасдан йиқилган. Мана шундай инқироз Путин ҳокимияти атрофида айланиб юрибди. Пригожин – мана шу мағлубиятнинг биринчи қалдирғочи. Лекин охиргиси эмас.

Камолиддин Раббимов,
сиёсий таҳлилчи

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Пригожиннинг нияти нима, оқибатлари қандай бўлади?