21:10 / 24.06.2023
763

Россиядаги кескин вазият: Қозоғистонлик фаоллар бу борада қандай фикрда?

Россиядаги кескин вазият: Қозоғистонлик фаоллар бу борада қандай фикрда?

Россиядаги вазият Қозоғистонда хавотир уйғотди ва жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. “Дарё” мухбири бу борада қозоғистонлик сиёсатшунослар, ҳуқуқшунослар ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрларини тўплади.

Сиёсатшунос Газиз Абишев ўз фикрини билдирар экан, Россия раҳбарияти конституциявий тузумни сақлаш учун КХШТга мурожаат қилмаслиги кераклигини ёзган.

“Вазиятнинг ривожланиши Қозоғистоннинг тактик, стратегик ва тарихий жиҳатдан қанчалик тўғри позицияни эгаллаганини исботлайди. Бу позиция атроф алғов-далғов бўлаётганда ўз хавфсизлигингизни сақлашдан иборат”, — деди Газиз Абишев.

Сиёсатшунос Дўсим Сатпаэвнинг фикрича, демарш Россия расмийлари обрўсига жиддий путур етказади. У Россиядаги вазиятни “яхши хабар”, мамлакатнинг ўзини эса “Мордор” деб атади.

“Томонлардан бири Путин эътибори учун сарой ўйинларида мағлуб бўлгач, кучини намойиш қилиш орқали ўзига эътибор қаратишга қарор қилди. Бу вазиятда Пригожиннинг ҳарбий қўзғолони қанча давом этиши муҳим эмас. Эҳтимол, у тез орада бостирилади. Шунингдек, Пригожиннинг Путин қуршовидаги яширин тарафдорлари орасида ҳам тозалаш ишлари бошланиши мумкин”, — деб ёзди Сатпаев Facebook’даги саҳифасида.

Унинг таъкидлашича, Владимир Путин кетганидан кейин Россия Федерацияси билан нима рўй бериши ҳам қизиқ. Айниқса, “ҳозир унинг атрофидагиларнинг бир қисми ҳокимият ва эътибор учун курашда аллақачон қурол-яроғни қўлга олган” вазиятда кураш янада қаттиқ кечишини таъкидлаган.

Қозоғистон ядро қуролига эга шимолий қўшниси билан воқеалар ривожининг ҳар қандай салбий сценарийларига ҳозирдан тайёрланиши керак, деб ҳисоблайди Сатпаев.

“Путин 25 йил давомида авайлаб етиштирган ва қадрлаган нарсасига эга бўлди, худди Назарбоев каби”, — дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Бахитжан Торегожина Facebook’да.

Бу борада машҳур ҳуқуқшунос ва блогер Ержан Есимхонов ҳам ўз фикрларини билдирди. У “Вагнер”нинг исёни сабабларини айтиб ўтди ва Россия ҳукумати қандай хатога йўл қўйганлиги ҳақида фикр юритди.

“Пригожиннинг исёни мутлақо табиий. У ўзи ҳозир курашаётган қўллар томонидан катта қилинган. Чунки ўзингиздан бошқа ҳеч кимга бўйсунмайдиган, қонун-қоидаларга амал қилмайдиган ташкилот тузсангиз, эртами-кечми бу ташкилот раҳбарларида савол туғилади — нега биз умуман бировга ҳисобот беришимиз керак?

Буларнинг барчаси қандай якунланиши ҳозирча аниқ эмас. Ҳозирча бу шунчаки исён ва эски шеърда айтилганидек, “қўзғолон муваффақият билан тугамайди — муваффақиятли исён бошқача номланади”. Ахир буларнинг барчаси бизнинг мамлакатимизда содир бўлмаяпти ва ҳозирча бу бизга бевосита боғлиқ эмас”, — деб ёзди Есимхонов ўзининг Telegram каналида.

Талгат Сатибалди, Остона


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россиядаги кескин вазият: Қозоғистонлик фаоллар бу борада қандай фикрда?
ePN